Алькарас Олимпиада медалини "Уимблдон" чемпионлигидан устун қўйди

Испаниялик машҳур теннисчи Карлос Алькарас Олимпиада ўйинларидаги олтин медални "Уимблдон"даги чемпионлик унвонидан устун қўйди.

"Катта Дубулға" турнирининг уч карра чемпиони, дунёнинг ҳозирги кундаги иккинчи ракеткаси, 21 ёшли Карлос Алькарас 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида қўлга киритиладиган олтин медални "Уимблдон"даги чемпионликдан устувор эканлигини таъкидлаб ўтди.

"Бу мураккаб савол. Олимпиада ўйинлари 4 йилда бир марта ўтказилади. Бу эса ўзига хос турнир. Сабаби, унда сиз ўзингиз учун эмас, балки мамлакатингиз учун ҳаракат қиласиз. Шунинг учун, мен ўз ватаним шарафини ҳимоя қилишни танлайман. Ўйлайманки, мен олтин медални қўлга киритаман", - дея Алькараснинг сўзларини келтиради "As"  нашри.

Аввалроқ, Карлос фаолиятида биринчи марта Франция Очиқ чемпионатида ғолиб чиққанди. Финалда у 2020 йилги Олимпиада чемпиони, дунёнинг тўртинчи ракеткаси германиялик Александр Зверевни 6:3, 2:6, 5:7, 6:1 ва 6:2 ҳисобида мағлуб этди. 

"Уимблдон" 2024 турнири 1-14 июль кунлари бўлиб ўтадиган бўлса, "Париж-2024" Олимпиада ўйинларидаги теннис баҳслари эса 27 июлдан 4 августгача давом этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!