
Алонсо "Ливерпуль" етакчисини "Реал"га ўтишга кўндирмоқчи
"Ливерпуль" ярим ҳимоячиси Алексис Макаллистер фаолиятини Мадриднинг "Реал" клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда инглиз нашри Football Insider хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, "Реал Мадрид"нинг янги бош мураббийи этиб тайинланган Хаби Алонсо ёзги трансфер ойнасида аргентиналик футболчини Мадридга олиб келмоқчи. Алонсо "Ливерпуль"да футболчи сифатида ўйнаган ва клубдаги алоқалари орқали футболчини испан клуби сафига қўшилишга кўндирмоқчи.
26 ёшли Макаллистер жорий мавсумда "Ливерпуль" сафида барча мусобақалар доирасида 49 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урди ва 6 та голли узатма амалга оширди. У "қизиллар"нинг марказий чизиғидаги энг муҳим футболчиларидан бири ҳисобланади. Унинг техникаси, ўйинни ўқиш қобилияти ва прессингдаги фаоллиги Мадрид клуби мураббийлар штабини ўзига жалб қилган.
Макаллистернинг мерсисайдликлар билан амалдаги шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган. "Реал Мадрид" футболчини трансфер қилиш учун катта маблағ ажратишга тайёрлиги айтилмоқда. Transfermarkt портали ярим ҳимоячининг бозор қийматини 90 миллион евро атрофида баҳоламоқда.
Фикрлар