Амиржон Сафаров - "Динамо"нинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси!

«Динамо»нинг яна Олий Лигага қайтиши билан якунланган 2016 йилги мавсумдан сўнг, клуб расмий сайти ўз анъанасига биноан мухлислар ўртасидаги сўровномага кўра, жамоанинг бу йилги энг яхши футболчисини аниқлади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда. 

Клуб расмий сайтида ўтказилган, «Динамо» жамоасининг 2016 йилги мавсумдаги энг яхши футболчиси ким?» сўровномасида энг кўп овоз жамоа тўпурари Амиржон Сафаровга насиб этди. Жорий мавсумда 23 та гол уришга эришган 21 ёшли самарқандлик ҳужумчига умумий овозларнинг 43.6% фоизи, яъни 673 та овоз берилган.
Мухлислар наздига кўра, бу борада иккинчи ўрин тезкор яримҳимоячи Жонибек Кўчимовга насиб этган. Жорий йилда клубнинг энг яхши ассистенти бўлган 18 ёшли футболчи 206 овоз (13.4%) олган.

Сўровнома якунларига кўра, 3-ўринда Омаджон Тайлоқов қайд этилди. Жамоада стандарт вазиятлари устаси бўлган 25 ёшли яримҳимоячи 141 та (9.1%) овоз олган.

Шунингдек, Жасур Азимов 104 (6.7%), Бунёд Исроилов 94 (6.1%), Алишер Холиқов 76 (4.9%), Михаил Наумов 75 (4.9%), Акмал Бозоров 74 (4.8%), Алексей Николаев 55 (3.6%), Виктор Клишин 45 (2.9%) сингари футболчилар ҳам сўровномада овоз олишган. Сўровномада умумий 1543 та овоз берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилдан буён клуб матбуот хизмати томонидан сўровнома орқали аниқланиб келинаётган «Динамо»нинг «мавсумдаги энг яхши футболчиси» номига қуйидаги футболчилар лойиқ кўрилган:

2007 йил – Фарҳод Тожиев
2008 йил – Илёс Қурбонов
2009 йил – Баҳодир Насимов
2010 йил – Илҳом Юнусов
2011 йил – [Дэвид Ония]
2012 йил – Иван Нагаев
2013 йил – Андрей Мельничук
2014 йил – Андрей Мельничук.
2015 йил – Камолиддин Мурзоев.
2016 йил – Амиржон Сафаров.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!