Ўзбекистонни бошланаётган янги турнирда нималар кутмоқда?
27 мартдан 30 мартгача Тошкентда янги мини-турнир — FIFA Series 2026 мусобақаси бўлб ўтади. Унда Ўзбекистон, Венесуэла, Габон, Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари иштирок этади.
Sports.uz портали бўлажак турнир ҳақида Eurasia Football нашри тайёрлаган таҳлилий материални ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
ФИФА қарорига кўра, турнир гуруҳ босқичи форматида ўтади, аммо фақат икки турдан иборат бўлади. Ҳар бир жамоа иккитадан ўйин ўтказади.
27 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Габон футболчиларига қарши “Бунёдкор” стадионида ўйнайди, шу куни “Пахтакор” стадиони Венесуэла - Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари ўйинига мезбонлик қилади.
30 март куни Ўзбекистон “Бунёдкор”да Венесуэла билан куч синашса, “Пахтакор” аренасида Габон ҳамда Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари тўқнаш келади.
Бундан аввал, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2023 йилда Венесуэла билан учрашган ва ўша ўйин 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланган. Қолган икки терма жамоа билан ўзбекистонликлар аввал ўйнамаган. Венесуэла, Габон, Тринидад ва Тобаго футболчилари ҳам ҳеч қачон Ўзбекистон чемпионатида тўп тепмаган.
Ўзбекистон: Мундиал олдидан асосий тайёргарлик
Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун бу турнир 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан сўнгги тайёргарлик босқичи бўлади.
Рақибларни танлаш мантиғи анча тушунарли кўринади. Ўзбекистон Жанубий Америка, Африка ва КОНКАКАФ ҳудудларидан жамоаларга қарши спарринг ўйинлар ўтказади — яъни жаҳон чемпионатида учраши мумкин бўлган рақибларга яқин жамоаларга қарши ўйин тажрибасига эга бўлади. Шу маънода, Венесуэла ва Габон иштирок этиши тушунарли.
Шу билан бирга, эҳтимолий жаҳон чемпионати рақиблари қаторида сўнгги ҳафталарда Конго Демократик Республикаси миллий жамоаси ҳам тилга олиняпти. Бу жамоа мундиалга чиқиш учун курашни давом эттирмоқда. Шунингдек, Нигерия томонидан икки фуқароликка эга футболчилар бўйича берилган шикоятдан сўнг эҳтимолий санкциялар ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалган. Бироқ ФИФА ҳеч қандай расмий жазо эълон қилмаган, шунинг учун Конго Демократик Республикаси ҳали ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш учун номзодлардан бири бўлиб қолмоқда.
2026 йил март ҳолатига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА рейтингида 52-ўринни эгаллаб турибди. Таркибнинг тахминий қиймати Transfermarkt маълумотига кўра, 78 миллион еврони ташкил қилади. Бироқ жамоа рўйхатида айрим асосий футболчилар йўқ. Масалан, жароҳат олган Аббос Файзуллаев ва Жалолиддин Машарипов бу гал жамоага ёрдам бера олмайди. Узоқ танаффусдан сўнг ҳужумчи Шерзод Темиров чақирилди, у Ироқ чемпионатининг энг яхши тўпурари ҳисобланади.
Жамоанинг энг қиммат футболчиси — “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдукодир Ҳусанов бўлиб, у 35 миллион евро баҳоланади. Элдор Шомуродов ва Аббос Файзуллаев 7 миллион евродан баҳоланган.
Габоннинг асосий юлдузи – Обамеянг йўқ
Турнирда Ўзбекистоннинг биринчи рақиби Габон миллий жамоаси бўлади. Африка жамоаси ФИФА рейтингида 86-ўринда туради.
2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичида Габон гуруҳдан чиқди ва биринчи ўрин учун охиригача курашди. Бироқ якунда Кот-д’Ивуар миллий терма жамоасидан бир очкога ортда қолди. Плей-оффда эса Нигерияга 1:4 ҳисобида ютқазди.
Шундан кейин жамоа “Африка миллатлар кубоги-2025”да жуда муваффақиятсиз иштирок этди, гуруҳ босқичидаги барча учрашувларда мағлуб бўлди. Бу натижа мамлакатда жуда оғир қабул қилинди. Бош мураббий Тьерри Муйома лавозимини тарк этди, тажрибали футболчилар Пьер-Эмерик Обамеянг ва Брюно Экуэле Манга эса термадан четлатилди.
Шундан сўнг федерация янги мураббий излашни бошлади, аммо ҳозирча муваффақиятсиз. Шунинг учун Ўзбекистонга жамоани вақтинча мураббий Анисе Яла Нгуку олиб келади. Унинг штаби шошилинч тарзда шакллантирилган ва иш фақат Тошкентдаги турнир билан чекланган.
Габон таркибининг тахминий қиймати 29,5 миллион евро. Энг қиммат футболчи — Деннис Буанга, у “Лос-Анджелес” жамоасида ўйнайди. Шунингдек, Марио Лемина (5 млн евро) ва Жак Экоми (4 млн евро) ҳам бор. Бироқ уларнинг ҳеч бири Тошкентга келмайди. Обамеянгни ҳам кўрмаймиз. Шунинг учун Ўзбекистонга келадиган таркиб тахминан 8 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Info241 нашри ёзишича, мураббийлар штаби янги футболчиларни синаб кўриш ва ўйин алоқаларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Экспертлар фикрига кўра, ўйин Андре Поко, Иброҳим Ндонг, Йоханн Обианг ва Шави Бабика атрофида қурилади. Шунингдек, таркибда Мишель Мбула (“Мец”) ва Жереми Ойоно (“Фрозиноне”) ҳам бор.
Узоқ вақт давомида Габон Африкадаги энг кучли ҳужум чизиғига эга жамоалардан бири ҳисобланган. Бу кўп жиҳатдан Обамеянг — Буанга жуфтлиги билан боғлиқ. Бироқ ҳозир улар аввалгидек жамоани етаклашга қодир эмас: Обамеянг 36 ёшда, Буанга 31 ёшда. Ўйин асосан тўпни олдинги чизиққа етказишга қурилган, у ерда ҳужумчилар индивидуал маҳорат билан вазиятни ҳал қила оларди. Шу билан бирга, жамоада юқори даражали дарвозабон йўқ. Мана шу номутаносибликларга қарамасдан, Габон узоқ вақт давомида хавфли жамоа бўлиб келган — асосан олдинги чизиқдаги индивидуал ҳаракатлар ҳисобига. Муйома қўл остида жамоа саралашда 10 ўйиндан 8 тасини ютиб, 22 та гол урган.
Бироқ муваффақиятсиз ўтган Африка кубогида барча муаммолар очилиб қолди. Энг асосийси — ҳужум салоҳияти билан ўйин тизими ўртасида узилиш юз берди. Жамоа қарши ҳужумларда хавфли бўлиб қолди, аммо позицион ўйинда барқарорлик йўқ эди. Ҳужумлар кўпроқ вертикал эпизодлар ва индивидуал қарорларга боғлиқ бўлиб қолди. Бу айниқса Кот-д’Ивуарга қарши ўйинда яққол кўринди: Габон 2:0 ҳисобида олдинда бориб, кейин 2:3 ҳисобида ютқазди. Шунингдек, Мозамбикка қарши мағлубият ҳам катта зарба бўлди — ҳал қилувчи гол қўшимча вақтда ўтказиб юборилди.
Бу ердан яна бир муаммо — психологик ҳолат келиб чиқади. Жамоа Обамеянгга жуда боғлиқ бўлиб қолган. У эса бутун ўйин давомида бир хил темпни ушлаб тура олмайди. Биринчи жиддий босимдан кейин жамоа парчаланиб кетади ва кўп гол ўтказиб юборади.
Венесуэла Рондонга умид боғлаган
Турнирда Ўзбекистон Венесуэла миллий жамоаси билан ҳам ўйнайди. Бу жамоа ФИФА рейтингида 50-ўринда туради.
Жаҳон чемпионати саралашида жамоа кейинги босқичга чиқиш учун бир неча очко етишмади. 18 очко тўплади, Аргентина ва Бразилия билан дуранг ўйнади.
Бироқ охирги ўйинларда уч марта кетма-кет ютқазди ва бу мураббий Фернандо Батистанинг ишдан кетишига олиб келди.
Жамоани вақтинча Освальдо Вискаррондо бошқарди, кейин эса у асосий мураббийга айланди.
Венесуэла таркибининг қиймати тахминан 71 миллион евро. Энг қиммат футболчи — Жон Арамбуру. Шунингдек, Джефферсон Саварино ва Кристиан Касерес ҳам бор. 36 ёшли Саломон Рондон жамоанинг етакчи ҳужумчиси ҳисобланади.
Венесуэла тез қарши ҳужумлар, қанотлар орқали ўйин ва стандарт ҳолатлар билан хавфли. Бироқ позицион ўйинда муаммолари бор. Янги мураббийдан прессинг, тўп назорати ва комбинацион ўйин кутилмоқда.
Ўзбекистон учун бундай ўйинда темпни назорат қилиш, сабрли бўлиш ва қанотлар орқали ҳужум қилиш муҳим бўлади.
Венесуэлага қарши кенг майдондан фойдаланиш, ҳимояни чўзиш ва зоналарга зарба бериш самарали бўлиши мумкин. Венесуэла терма жамоасида дарвозабон чизиғи эса юқори даражада эмас.
Фикрлар