Ҳусанов борми? “Сити” ёзда 12 футболчи билан хайрлашади!
“Манчестер Сити” раҳбарияти ўтган мавсумдаги инқироздан кейин бошланган авлодлар алмашинувини давом эттирадиган бўлди.
Бир йил давомидаги учта трансфер ойнасида амалга оширилган катта ўзгаришларга қарамай, спорт директори Уго Виана жамоа таркибини янада қайта қуриш имкониятини кўриб чиқади.
Жорий мавсум охирида шартномалар тугаши, баъзи футболчиларнинг Пеп Гвардиола наздида асосий таркибдаги ўринни йўқотиши, айрим ўйинчиларнинг шартномасининг охирги 12 ойи бошланиши каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда, спорт бўлими кадрлар масаласида қўл урадиган ишлари кўплиги айтилмоқда.
“Манчестер Сити”да авлодлар алмашинуви жараёни 2025 йилнинг 20 январида клубга Абдуқодир Ҳусановнинг олиб келиниши билан бошлаган ва янгиланишлар ҳали якунлангани йўқ. Охири бўлиб, 2026 йилнинг январь ойидаги трансферлар ойнаси даврида жамоага Англия Премьер-лигасининг ўзидан Марк Гехи ва Антуан Семеньо олиб келинди.
Таркиб янгиланиши жараёнида бир йил ичида клубга келган Абдуқодир Ҳусанов, Нико Гонсалес, Умар Мармуш, Жанлуижи Доннарумма, Райан Шерки ва Тижани Рейндерс бугунги кунда Хосеп Гвардиола жамоасида асосий фигураларга айланиб улгурди.
Бироқ жамоанинг УЕФА Чемпионлар лигасидан эрта чиқиб кетиши, Англия футболида яна ҳукмронликни қайтариш, шунингдек келаси мавсумда Микель Артета бошчилигидаги “Арсенал” ва бошқа рақибларга қарши курашда ўз позицияларини мустаҳкамлаш истаги жиддий ўзгаришларга асос бўлиши кетилмоқда.
“Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган City Xtra манбасининг аниқлашича, келаси ёз “Этихад” эгалари 12 нафар футболчи билан хайрлашиши мумкин.
Жеймс Траффорд
Ўтган ёзда “Бёрнли”дан тахминан 31 миллион фунт стерлингга “Манчестер Сити”га қайтган Жеймс Траффорд клубнинг асосий дарвозабонига айланишни мақсад қилган эди.
Бироқ у жуда тез орада бу позицияда Жанлуижи Доннарумма томонидан алмаштирилди ва асосан кубок ўйинларида майдонга тушиб, жуда юқори даражада ўйин намойиш этди.
Шу боис, Траффорд яна бир мавсум захирада қолишга рози бўладими ёки эҳтимолий тўғридан-тўғри рақиб клубда доимий ўйин амалиёти уни ўзига жалб қиладими — буни ёзда билиб оламиз.
Мануэль Аканджи
Ҳозир Мануэль Аканжи А Серияда “Интер”да ижара асосида ўйнамоқда ва Италия гранди сафида юқори даражада барқарор ўйин кўрсатмоқда. Аканжининг ўзи Миланда қолмоқчи, “Интер” ҳам унга боғланиб қолган.
Милан клуби швейцариялик футболчини 15 миллион фунтга сотиб олиш ҳуқуқига эга ва ўйинчининг Италиядаги ҳаётдан мамнунлиги ҳақидаги очиқ баёнотларини ҳисобга олганда, Аканжи ёзда доимий равишда “Интер”да қолиши кутилмоқда.
Натан Аке
Ёзда нидерландиялик футболчининг шартномаси тугайди ва “Манчестер Сити” сўнгги олти йил давомида клубга содиқ хизмат қилган ўйинчини қўйиб юбориши мумкин. Аке мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун клубини ўзгартириши мумкин.
Рико Льюис
Ўтган ёзда “Ноттингем Форест” томонидан тахминан 30 миллион фунтлик таклиф бўлишига қарамай, “Манчестер Сити” Рико Льюисни сақлаб қолиш борасида қатъий позицияда бўлган эди.
Бироқ академия тарбияланувчиси асосий таркибдан чиқиб кетди ва ўнг қанот ҳимоячиси позициясида Матеуш Нуньешдан устун кела олмаяпти. Қолаверса, бу мавсум Пеп Гвардиола қўл остида ярим ҳимояда ҳам ишончли ўйинчи сифатида ўзини кўрсата олмади.
Рико Льюис ўз кучига ишонади ва таркиб учун курашни давом эттиришга тайёр, у ҳали ҳам Гвардиоланинг севимли ўйинчиларидан бири. Аммо мунтазам ўйнаш истаги унга бошқа жамоа эшикларини очиши кутилмоқда.
Жон Стоунз
У узоқ вақт давомида клубга хизмат қилди ва ҳимоя ҳамда ярим ҳимояда муҳим фигура бўлди, бироқ шартномаси жорий мавсум охирида тугаши ва клубда ёшроқ ҳамда ишончлироқ вариантлар пайдо бўлиши муносабати билан ажралиш барча томонлар учун табиий қарор бўлиши мумкин.
Жек Грилиш
Мануэль Аканжи ва Жон Стоунз каби Жек Грилиш ҳам профессионал фаолиятининг сўнгги босқичида асосий таркибдаги ўринга муҳтож.
Грилиш учун асосийси — футболдан яна завқ олиш, жамоанинг ижодкор ўйинчиси сифатида ўзини кўрсатиш ва эҳтимол, камроқ талаб қўйиладиган жамоада ҳужум марказига айланиш.
Ёзги трансфер ойнаси очилганда, инглиз футболчисига кўплаб клублардан таклифлар бўлиши кутилмоқда ва “Эвертон” эҳтимол яна уни сотиб олишга асосий номзодлардан бири бўлади. Грилишнинг шартномаси тугашига 12 ой қолгани сабабли уни арзонроқ нархда олиш имкони вужудга келади.
Матео Ковачич
Сўнгги 12 ойда жароҳатлар хорватиялик футболчининг “Манчестер Сити”даги ўйинига халақит берди ва икки операциядан сўнг у ҳали ҳам мавсумнинг ҳал қилувчи босқичида муҳим роль ўйнашга умид қилмоқда.
Бироқ Уго Виана марказий ярим ҳимояни янгилаш ишларини давом эттириб, бу зонани янгиламоқчи экани сабабли, клуб “Ноттингем Форест”дан Эллиот Андерсонни олиб келмоқчи. Қолаверса, Нико О'Райли бу позиция эгасига айлангани ҳам Ковачичнинг кетишига йўл очмоқда.
Калвин Филлипс
Калвин Филлипсга барқарорлик ва мунтазам ўйин амалиёти керак. Бунинг ҳар иккаласига у фақат “Манчестер Сити”ни тўлиқ тарк этганидан сўнг эриша олади, бу эса унга фаолиятини юқори даражада қайта тиклаш имконини беради. Уго Виана ва клуб раҳбарияти унинг шартномасини бекор қилиш имкониятини кўриб чиқиши кутиляпти.
Бернарду Силва
Португалиялик футболчи билан хайрлашиш манчестерликлар учун энг қийини бўлади, чунки унинг шартномаси мавсум охирида тугайди ва у аллақачон шахсий қарорлари туфайли кетишига ишора қилган.
Пеп Гвардиола ва “Манчестер Сити” уни яна 12 ой сақлаб қолишни истаяпти, чунки унинг тажрибаси ва клуб фалсафасини тушуниши жуда муҳим, аммо Бернарду Силва анча вақтдан бери Европада янги чақириқларни қабул қилишга тайёрлигини билдирган.
Жош Уилсон-Эсбранд, Клаудио Эчеверри, Сверре Нюпан
Бу уч нафар футболчи “Манчестер Сити”нинг асосий таркиби рўйхатида қолмоқда, бироқ майдонда бундай эмас. Уларнинг бари “Этихад”ни турли йўллар билан тарк этиш учун номзодлар сифатида кўрилмоқда.
Улар орасида Жош Уилсон-Эсбранд бошқа клубга сотиб юборилиши мумкин. Клаудио Эчеверри ва Сверре Нюпанни эса City Football Group тизимидаги бошқа клубларга ижарага бериш варианти кўриб чиқилади.
Таъкидлаш жоизки, “Манчестер Сити” ҳимоя чизиғида жорий мавсумда юз берган турли вазиятлар оқибатида Абдқодир Ҳусанов жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланиб қолди. 22 ёшли ҳимоячимиз ҳар қандай турнирдаги учрашувларда ўз ўйини билан мураббийлар штаби ишончини оқлаб келмоқда. Экспертлар ҳам Хосеп Гвардиолани ҳимоя чизиғини айнан ўзбек футболчиси атрофида шакллантиришга чақираётгани Ҳусановнинг келадаги “Сити” билан боғлик эканидан далолат беради.
Ўзбекистонни бошланаётган янги турнирда нималар кутмоқда?
Европадаги легионеримиз фаолияти ҳали бошланмай тугадими?
Холанд Нодирбек Абдусатторов ўйнайдиган жаҳон чемпионатига пул тикди
Европаликлар Ҳусановдан ҳайратда!
Фикрлар