Ана холос! "Марсель" ва "Спортинг" клубларининг собиқ ҳужумчиси 16 йилга қамалиши мумкин

"Малага"нинг собиқ футболчиси 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Ouest-France нашрига кўра, Коке номи билан танилган Серхио Контрерас Пардо Испания ва бошқа бир қанча мамлакатларда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда.

Прокуратура маълумотларига кўра, айнан “Марсель”, “Малага”, “Спортинг” ва бошқа клубларнинг собиқ ҳужумчиси жиноий тармоқ фаолиятида муҳим роль ўйнаган ва ноқонуний моддалар билан боғлиқ операцияларни амалга оширган. Тергов жараёнида асосий айбланувчи гуруҳнинг бошқа аъзолари билан тегишли маълумотларни алмашган телефон суҳбатларининг кўплаб ёзувлари аниқланган.

Коке устидан бошланган суд жараёнида айбланувчилар сони 17 кишини ташкил этади. Улар орасида жумладан, собиқ футболчининг севгилиси ва акаси ҳам бор. Собиқ футболчининг ўзи қамоқ жазосидан ташқари 15 миллион еврогача жаримага тортилиши, унинг шериклари эса соғлиғига зарар етказиш ва қурол сақлагани учун 4 йилгача озодликдан маҳрум этиши мумкин.

Бундан аввал Коке гиёҳванд моддалар билан боғлиқ гуруҳ ҳибсга олинганидан кейин аллақачон бир йилу 8 ой қамоқда ўтириб, 15 минг евро тўлаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!