Ана холос: Украинада тўпурар легионеримизни эсга олишди
Украина ва Европа футболини ёритаётган isport.ua сайти Украина мамлакат чемпионатлари тарихига эътибор қаратди.
Ушбу нашр Украина Премьер-лигаси тарихида рақиблар дарвозасини энг кўп ишғол қилган футболчилар рейтингини мухлислар эътиборига ҳавола қилди.
Украина чемпионати илк бор 1992 йилда ўтказилган. Ўшандан буён бу чемпионат жуда кўп истеъдод эгаларини кашф қилиб берди.
Бу лигада юзта ва ундан ортиқ гол уриш фақатгина беш нафар футболчига насиб қилган.
Энг қувонарли томони шундаки, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Максим Шацких Украина чемпионатларининг энг зўр тўпурари ҳисобланади.
Ҳаюртимиз ҳисобида юқори дивизионда киритилган жами 124 та гол мавжуд. Шацких бу голлардан 97 тасини Киевнинг “Динамо” жамоаси сафида урган.
Шунингдек, Максим “Арсенал”да 22 та ва “Говерла”да 5 та гол муаллифи бўлган.
Максим Шацких ўз ўздан Украина чемпионатларида энг кўп гол урган хорижлик футболчига ҳам айланган.
Иккинчи ўринда қайд этилган Сергей Ребров легионеримиздан битта голга ортда қолиб кетган. Моҳир ҳужумчи “Шахтёр”да 10 та, “Динамо” сафида 118 маротаба голини нишонлаган.
Кучли ўнлик қуйидагича кўриниш олган:
Максим Шацких – 124 та гол (97 — “Динамо”, 22 — “Арсенал”, 5 — “Говерла”)
Сергей Ребров – 123 та гол (10 — “Шахтёр”, 113 — “Динамо”)
Евгений Селезнев – 116 та гол (24 — “Шахтёр”, 19 — “Арсенал”, 68 — “Днепр”, 5 — “Колос”)
Андрей Ярмоленко – 105 та гол (105 — “Динамо”)
Андрей Воробей – 105 та гол (80 — “Шахтёр”, 12 — “Днепр”, 9 — “Арсенал”, 4 — “Металлист”)
Жуниор Мораес – 102 та гол (22 — “Динамо”, 35 — “Металлург” (Донецк), 45 — “Шахтёр”)
Александр Гладкий – 99 та гол (1 –“ Металлист”, 14 – “Харьков”, 41 – “Шахтёр”, 2 – “Днепр”, 23 – “Карпати”, 3 – “Черноморец”, 15 – “Заря”)
Александр Гайдаш – 95 та гол (85 — “Таврия”, 10 — “Мариуполь”)
Марко Девич – 90 та гол (2 — “Волинь”, 4 — “Шахтёр”, 84 — “Металлист”)
Сергей Мизин - 90 та гол (16 – “Динамо”, 8 – “Днепр”, 2 – “Черноморец”, 25 – “Карпати”, 7 – “Кривбасс”, 8 – “Металлист”, 24 – “Арсенал”).
Кучли ўнликдаги футболчилардан фақат икки нафари – Андрей Ярмоленко ва Александр Гладкий профессионал фаолиятини давом эттирмоқда.
34 ёшли Ярмоленко Германия, Англия, Бирлашган Араб Амирликларидаги фаолиятидан кейин жонажон жамоаси “Динамо”да тўп тепмоқда.
36 ёшли Гладкий эса, қуйи лигадаги “Авангард” жамоасидан қўним топган.
Эслатиб ўтамиз, Максим Шацких Ўзбекистон миллий терма жамоасида 60 та учрашувда 34 та гол урган ва узоқ вақт рекордчи ҳисобланган. Бироқ, айни пайтда Элдор Шомуродов халқаро миқёсдаги голлар сони бўйича ундан ўзиб кетди.
Максим Шацких айни пайтда Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси бош мураббийи ҳисобланади.
Фикрлар