"Андижон" - "Металлург" ўйини атрофи ва ўйин ичида нималар бўлди?

Ҳар қандай чемпионатни безаб берувчи ўйин сифатида ёдда қолди. “Андижон” – “Металлург” ўйинига қизиқиш катта бўлгани сабабидан “Бобур арена” стадиони мухлислар билан лиқ тўлиши ва у ерда бошқача атмосфера бўлиши кутилганди. Амалда бундан зиёдасини кўрдик. 

Бу йилги мавсумни бошқача иштиёқ ва шижоат билан ўтказаётган “Андижон” клуби ҳамда унинг ишқибозлари аллақачон трендга айланди. Шунинг натижаси ўлароқ “Бургутлар”нинг бу сафарги ўйинига жаҳонга машҳур блогер, инстаграм саҳифасида миллионлаб мухлисларига эга бўлган Светлана Алексеева (Ланекса7) ва ўзимизнинг таниқли футбол ишқибози Абдураҳмон Фозилов билан бирга ташриф буюрди. Учрашув олдидан уларнинг чиқиш ҳам ўзгача қарши олинди. Ўйиндан аввал стадионга тўпланган ишқибозлар “зига-зага”ни айтиб жамоани қойилмақом тарзда қўллашни бошлаб юборгандилар.

Ҳар қандай инсоннинг ҳавасини уйғотадиган муҳитда тўп суриш исталган футболчи учун ёқимлидир. Бутун баҳс давомида стадионда суператмосфера ҳукмронлик қилди. “Андижон” фан-клубидан ўзгача тайёргарлик кўрилди. “Биз учун энг яхши совға – ғалаба” деган каттакон перформанс кўтарилди. Таниқли блогер ҳам “Бобур арена”даги бундай европача муҳитни кўриб лол қолди. Ҳа, “Андижон” мухлислари ўз жамоасини қўллаб-қувватлашни санъат даражасига олиб чиқа олдилар. Улар шак-шубҳасиз ҳаммадан олдинда.

Бундай мухлислар билан тўла ва даҳшатли муҳитда албатта мезбонларга фақат ғалаба ярашарди. Бироқ якунда жамоалар бир очкодан бўлишиб олдилар. Танаффусга қадар ҳисоб очилгани йўқ. Иккинчи бўлимда ўйин тақдири ҳал бўлди. Аввалига меҳмонлар аъзоси Далер Шарипов ҳисобни очди. Орадан 7 дақиқа ўтгач, Владимир Бубанья “Бобур арена”ни ларзага келтирган ҳолда мувозанатни тиклади. “Андижон” ғалаба голини уриш учун роса ҳаракат қилди. Бироқ рақиб ҳимоячилари ўз позицияларида ишончли ўйин кўрсатдилар. Мезбонлар харчанд уринмасин таблодаги ҳисоб бошқа ўзгармади.

Стадионга 19 мингдан зиёд ишқибоз келди ва “Андижон”нинг ўз бағрига мухлис йиғиш бўйича энг яхши кўрсаткичи сифатида қайд этилди. “Бобур арена”даги супермуҳит табиийки, ўзбек футболининг нуфузини янада кўтарилишида, миллионлар ўйинига бўлган қизиқишни бундан-да ошишига ҳам катта туртки бермоқда. Шу билан бирга Суперлиганинг мавқеи айнан мана шундай завқли муҳит орқали ҳам янада кўтарилиб бормоқда. Энди андижонлик ишқибозларнинг бирдамлиги, уларнинг сифатли кўринишдаги жўшқин қўллаб-қувватлашини дунёнинг бошқа қитъаларида ҳам билишади ва ҳавас қилишади. Ўзбекистонда эса уларга тенг келадиган йўқ!

“Андижон” -  “Металлург” – 1:1 (0:0).

18 май. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 19095 томошабин.

Ҳакамлар: Султонмурод Абдураҳмонов, Александр Буров, Акмал Ғиёсов

Захира ҳаками: Достон Мирзараимов

Назоратчи: Жаҳонгир Саидов

Комиссар: Ойбек Юнусов

“Андижон”: Игорь Литовка, Абдувоҳид Ғуломов, Илдар Маматказин, Владимир Бубанья, Илҳом Алижонов, Фарҳод Бекмуратов, Илҳом Абдуғаниев (Демир Имери, 71), Бектемир Абдуманнонов (Сардор Азимов, 71), Муҳаммадкарим Тоиров, Фарҳод Соҳибжонов (Армин Бошняк, 84), Шахром Самиев (Лука Згурский, 84).

“Металлург”: Раҳим Давронов, Ризо Яздан Дўст, Худойшукур Сатторов, Иван Йосович, Сардор Абдураимов (Керим Палич, 77), Искандар Шойқулов (Сирожиддин Қўзиев, 90+3), Аброр Тошқўзиев, Шахзод Ғофурбеков, Марко Миличкович, Далер Шарипов, Шахзод Убайдуллаев (Бобан Жоржевич, 82).

Голлар: Далер Шарипов, 68 – 0:1. Владимир Бубанья, 75 – 1:1.

Огоҳлантиришлар: Илҳом Алижонов, 18. Муҳаммадкарим Тоиров, 30. Абдувоҳид Ғуломов, 34. Ризо Яздан Дўст, 32. Бобан Жоржевич, 90+2.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
MA'RUFBEK
19/05/2024 12:45
Andijonni ishqibozligi supper faqat stadinni ichiga muhlislarni tushub ketishi yoki bo'lmasa har hil narsalarni uloqtirish klubning qiynab qo'shib mumkin