"Андижон" - "Насаф" ўйинида нималар рўй берди?

25 октябрь куни “Андижон” ҳамда “Насаф” клублари иштирокидаги ўйин орқали Суперлиганинг 23-тури якунига етди. “Бобур арена”даги кўрган-кечирганларимизни сизлар билан бўлишмоқчимиз. Чунки ушбу ўйин телевидение орқали эфирга узатилгани йўқ. Ўйинда нималар бўлгани эса аллақачон ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетди.

Аввало, шуни айтмоқчимизки, мазкур қарама-қаршилик икки жамоа учун ғоят муҳим ва аҳамияти жиҳатидан жуда юқори эди. Сабаби оддий: “Андижон” лигада қолиш учун жонини бериб ўйнаяпти. “Насаф” эса совриндор бўлиш учун худди шундай ўйнаяпти. Устига-устак қаршиликлар Андижонга ОФК Кубоги финалчиси сифатида келдилар. Майдондан чинакам жанг бўлиши олдиндан маълум эди. Аммо ўйинда шундай вазиятлар бўлдики, воқеалар ривожи бундай тус олишини очиғи кутмагандик.

насаф3

Ўйин яхши бошланди. Иккала жамоага ҳам ғалаба зарурлиги учун ҳужумкорлик руҳи асосида ўйин ташкил этилди. 26-дақиқада стандарт вазиятдан кейин мезбонларнинг легионери Василий Совпель боши билан Умиджон Эргашев қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди – 1:0. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бу “Андижон”нинг чемпионатдаги 1000-голига айланди. Шу тариқа, ўйин мезбонларнинг режаси остида ўта бошлади. Аниқроғи, “Андижон” бош мураббийи Виктор Кумиков тузган тактика иш бераётганди. Аммо ўйинниг асосий воқеалари танаффусдан кейин юз берди.

Учрашувни бошқарган Азиз Асимов учун оғир кун бўлди. Чунки унинг қарорлари иккала жамоа вакиллари томонидан кескин эътирозларни келтириб чиқарди. Дастлабки баҳсли вазият 57-дақиқада бўлди. “Андижон” жарима майдони ичидаги тўп учун курашдан кейин рақиб ўйинчиси йиқилди ва ҳакам пенальти белгилади. Ушбу ҳолат мезбонларнинг эътирозига сабаб бўлди. Пенальтини Андреа Калудерович бехато бажарди – 1:1. Шундан кейин “Насаф” вакиллари ташаббусга эга бўлган ҳолда яна хавфли ҳужумлар содир этди. Натижада орадан кўп ўтмасдан қаршилик футболчилар иккинчи голни ҳам уришди ва хурсандчиликни бошлаган маҳалда Азиз Асимов голни бекор қилди. У жарима майдони ичида қоида бузилган деб баҳолади. Шу тариқа, учрашув давом этаётган пайтда “Насаф” устози Рўзиқул Бердиевнинг бунга асаблари дош бермади. Мураббий жамоаси томонидан киритилган голнинг нима учун инобатга олинмаганлигини хазм қила олмади ва дарҳол ўйин давом этаётган маҳалда футболчиларини чақириб олди ва ўйинни тўхтатди. Бердиев кескин равишда ҳакамдан нима учун голни ҳисобга олмаганлигини сўради.

насаф8

Шу тариқа, учрашувда беш дақиқача танаффус юзага келди. Азиз Асимов билан Бердиевнинг суҳбатига гувоҳ бўлган киши сифатида шуни айтишимиз мумкинки, бош ҳакам қатъий равишда мураббийга ўйин қоидаси бузилганини ва ўз кўзи билан кўрганини айтди. Табиийки, бундай жавоб “Насаф” устозини сира қониқтирмасди. Аммо тан олиш керакки, ўша вазиятда “Насаф”нинг голи нима сабабдан ҳисобга олинмаганлигини биз ҳам тушуна олмадик. Лекин вазиятга яқин турган ва кўриб турган бош ҳакам ҳаммасини ҳал қилди. Чунки қарор уники эди. Ўйин наҳотки энди тўхтатилса, деб турганимизда Бердиев тортишувлардан кейин жамоасини яна ўйнашга буюрди.

Ҳеч ким ютқазишни истамаётганди. “Андижон” ҳам, “Насаф” ҳам ғалаба учун борини берди, буни ҳам тан олиш керак. Айниқса, ўйин маълум муддат тўхтаб, яна давом эттирилганидан кейин майдон эгалари ташаббусни ўз қўлига олди. Энди улар “Насаф” жарима майдони ичида кетма-кет ҳужумлар уюштира бошладилар. Ўйиндаги ҳарорат ортди, асабийлик ҳукмрон эди. “Андижон” эса иккинчи голни уриш учун ҳужумлар сонини оширди. Бу ёқда эса Рўзиқул Бердиев ўйинда бурилиши ясаш учун таркибда ўзгаришларни амалга оширди. Учрашув охирлаб бораётган вазиятда эса мезбонлар аъзоси Фарҳод Соҳибжоновни жарима майдони ичида йиқитишгани учун ҳакам энди “Насаф” дарвозаси томон пенальти белгилади. Бу ўйинга нуқта қўйиши мумкин бўлган вазият эди. Аммо ажабланарлиси, “Андижон” футболчилари Усмонали Исмоналиев ва Фарҳод Соҳибжонов пенальтини тепиш борасида бироз тортишиб ҳам қолдилар. Уларни муросага келтириш учун Забелин футболчиларга бир нималар деди. Охири Усмоналиев 11 метрлик жарима зарбасини тепадиган бўлди. Босим юқори. Гол урса “Андижон” ютиб кетиши мумкин! Усмоналиевнинг зарбасини Умид Эргашев қайтарди ва қайтган тўпни мезбонлар голга айлантиришган маҳалда бош ҳакам яна қарор чиқарди ва голни ҳисобга олмади. Маълум бўлишича, зарба берилаётганида дарвозабон бироз олдинга чиқиб кетганини айтди ва пенальтини такрор тепилишини кўрсатди. Бу сафар энди Фарҳод Соҳибжонов тўп ёнида эди. Унда ҳам босим катта эди. Балки шу нарса унга халақит қилгандир. Чунки дарвозага гол уриш ўрнига тўпни юқорига тепиб юборди. Натижада мезбонлар тайёр имкониятни қўлдан бой беришди. Қизиғи, Соҳибжонов пенальтидан фойдалана олмагач, мураббийга қарата ўзини алмаштиришларини сўради. Аммо бутун ўйин давомида Виктор Кумиков бирорта ўзгаришга қўл урмагани ҳам эътиборимизни тортганини қўшимча қилмоқчимиз.

насаф10

Андижондаги ўйин мана шундай жиддий баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди ва якунда ғалабага ташна жамоалар бир очкодан бўлишиб олдилар. Очиқ ўйин бўлди. Икки томон ҳам ютиб кетиши мумкин эди. Афсуски, ўйин давомида юз берган воқеалар футболимиз имиджига таъсир қилади. Вазиятга холис баҳо берадиган бўлсак, бош ҳакам ўйинни бузиб қўйгандек таассурот уйғотди. Табиийки, ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Насаф” бош мураббийи ҳакамга нисбатан жиддий равишда эътирозларини билдирди. Эътибор бераётган бўлсангиз, охирги пайтларда мураббийлар томонидан мана шундай танқидлар кўпайиб боряпти. Андижондаги ўйин эса ҳали анчагача муҳокамаларга сабаб бўлса ажаб эмас.   

Ушбу учрашувни бевосита стадионда “Бенфика” клубидан келган икки нафар мутахассис ҳам кузатиб борди. Улар ўйиндаги барча воқеаларга гувоҳ бўлдилар. Афсуски, юз берган баҳсли вазиятлар меҳмонларда ижобий таассурот қолдирмагани аниқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Nuriddin Nuriddin
26/10/2021 09:34
Асимов Насаф ўйинида халол хакамлик билганини эслолмайман
SAMARIDDIN AMUR GPZ UZB
26/10/2021 08:08
Bungay hakamlardi umurbot fudbol tarihidan yuqotish kerak insofi busa uzi yuqolib ketadi, haromdan topkan haromga ketadi
&
Узбек легионер
06/11/2021 01:48
Насаф яхши команда.
&
Лучше Насаф
26/10/2021 07:43
onasini eahasiksin azizni