"Андижон" бош директори: "Мухлислар ишончи - бизнинг энг катта кучимиз"
Хабарингиз бор, яқинда “Андижон” клуби бош директори лавозимига Зиёдбек Машрапов тайинланди.
Футболнинг ашаддий ихлосманди ҳамда жонкуяри ҳисобланган 38 ёшли мутахассис эндиликда янгитдан шаклланаётган ҳамда жиддий мақсадлар учун жиддий ҳаракатларни бошлаган “Андижон” клубини олдинга етаклашда ўзи бош-қош бўлади.
Зиёдбек Шуҳратович жамоанинг Анталиядаги ўқув-машғулот йиғинларида шахсан ўзи бевосита иштирок этиб, жамоанинг янги мавсумга тайёргарлигини кузатиб борди ва футболчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.
Клуб матбуот хизмати эса Зиёдбек Шуҳратовичдан дастлабки интервьюни олди.
- Илк бор бош директор лавозимига киришдингиз. Бу масъулиятни қандай ҳис қиляпсиз?
- Бу лавозим мен учун катта шараф ва жуда катта масъулият. “Андижон” — бу шунчаки клуб эмас, бу минглаб мухлисларнинг ишончи ва умиди. Шу ишончни оқлаш учун бор кучимни сафарбар қиламан.
- Илк кунларингизда энг катта қийинчилик нимада бўлди?
- Энг катта қийинчилик — жуда қисқа вақт ичида барча жараёнларга чуқур кириб бориш, мавжуд муаммоларни тез ва тўғри баҳолаш бўлди. Лекин жамоа билан биргаликда буни енгиб ўтяпмиз.
- Сиз учун бу лавозим — ишми ёки миссия?
- Бу мен учун аввало миссия. Агар фақат иш деб қаралса, натижа бўлмайди. Клуб ривожи, ёшлар келажаги ва мухлислар ишончи — мен учун энг муҳим қадриятлар.
- Илк 100 кунда қайси устувор вазифаларни бажаришни режалаштиряпсиз?
- Ташкилий тизимни мустаҳкамлаш, молиявий интизомни яхшилаш, спорт бўлими билан аниқ режа ишлаб чиқиш ва мухлислар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш — асосий устувор вазифаларимиз.
- Қарор қабул қилишда кимлар билан маслаҳатлашасиз?
- Мутахассислар, бош мураббий, спорт директори ва тажрибали соҳавий экспертлар билан маслаҳатлашаман. Якка қарордан кўра жамоавий фикр ҳар доим самаралироқ.
- Жамоанинг бу мавсумги аниқ мақсадлари қандай?
- Барқарор ўйин, интизомли жамоа ва юқори натижа. Биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга чиқамиз ва турнир жадвалида муносиб ўринни эгаллашни мақсад қилганмиз.
- Селекция ва трансферларда қандай ёндашувни танлайсиз ва ўзгаришлар борасида фикрингиз?
- Биз тасодифий эмас, аниқ таҳлил асосида трансфер қиламиз. Клуб фалсафасига мос, жамоага фойда келтирадиган футболчиларни олиб келиш — асосий тамойил.
- Бош мураббий билан ишлашда сиз учун энг муҳим жиҳат нима?
- Ўзаро ишонч ва очиқ мулоқот. Агар раҳбарият ва мураббий бир мақсад сари ишласа, натижа албатта бўлади.
- Ёшлар жамоаси ва академияга муносабатингиз қандай? Умуман, бу борада қандай янгиликлар бўлади?
- Ёшлар — клуб келажаги. Академияни ривожлантириш, маҳаллий иқтидорларга йўл очиш ва уларни асосий жамоага олиб чиқиш бизнинг стратегик режамиз.
- Сиз учун муваффақият мезони нима бўлади?
- Фақат кубок ёки жой эмас. Барқарор тизим, кучли жамоа, мухлислар ишончи ва ёш футболчилар ўсиши — мен учун ҳақиқий муваффақият.
- "Андижон" мухлисларига қандай ваъда берасиз?
- Биз ҳар доим ҳалол ўйнаймиз, охиригача курашамиз ва клуб шаънини ҳимоя қиламиз. Мухлислар ишончи — бизнинг энг катта кучимиз.
- Янги мавсум учун йиллик чипталар савдоси қачондан йўлга қўйилади?
- Йиллик чипталар савдоси яқин кунларда расмий равишда эълон қилинади. Бу ҳақда клубнинг барча расмий саҳифалари орқали мухлисларимизга маълум қиламиз.
Фикрлар