Ads

Хабарингиз бор кеча Про-лиганинг "А" гуруҳи жамоалари 27-тур ўйинларини ўтказишди. Жумладан, “Динамо” ўз майдонида “Андижон”ни (0:0) енга олмади. Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Элдор Сакаев ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Бугун икки очко йўқотдик десак ҳам, 1 очкони қўлга киритдик десак ҳам бўлади. Сабаби, икки томонда ҳам гол уриш имкониятлари бор эди. Натижа нурсиз бўлсада, жанговар дуранг қайд этилди, деган бўлардим. Ўйин охирида бир киши кам бўлиб қолганимиз ҳам зараримизга ишлади. Майдонда биз пешқадам эканлигимиз, “Динамо”нинг 5-ўринда эканлиги билинмади, сабаби Суперлига учун имконият икки клубда ҳам сақланиб қолинди.

- Чиндан ҳам “Андижон”нинг сўнгги ўйинларда ғалаба қозона олмаётгани йигитларимизга ҳам руҳий жиҳатдан босим ўтказмоқда, таъсир қилмоқда. Бугун жамоа охиригача курашди, иродасини намойиш этди.

- Шундай ўйнашда давом этсак тез орада ғалабалар ҳам келади. Бугун жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган андижонлик мухлисларга ҳам миннатдорчилик билдираман.
Мақсадимиз Суперлигага 1-ўрин билан чиқиш. Айнан шу вазифа учун курашаяпмиз. Охирги ўйинлардаги омадсизликлар боис, йигитлар бироз тушкун кайфиятда эдилар. Қолаверса, кубок доирасида “Бунёдкор”га қарши катта кучни сарф этганимиз ҳам таъсирини билдирмай қолмади.

- Навбатдаги турдан бошлаб 4-давра бошланади. Ўйлайманки, 1-5-ўринларни эгаллаб турган жамоаларнинг барчаси якуний ўйинларда мақсади учун бор куч ва имкониятини ишга солади. Энди “Динамо”ни ўз уйимизда қабул қиламиз. Фақат ғалаба учун курашамиз.

Эслатиб ўтамиз, "Андижон" айни дамда пешқадам "Машъал"дан бир очко кам жамғарган ҳолда мусобақа жадвалида 2-ўринни эгаллаб турибди.