"Андижон II"дан дастлабки сенсация ёхуд иқтидорли футболчиси Франция клуби нишонида!
Андижондаги Шўрбулоқ футбол академияси ҳамда “Shirin-Gaz-Servis SGS” ҳамкорлигида ташкил этилган “Андижон II” жамоаси бу йил Ўзбекистон биринчи лига мусобақасида ўз иштирокини бошлайди. Эътиборлиси, хусусий клуб ҳисобланади.
Шоҳруҳ Ишанов бош мураббийлик қилаётган мазкур жамоа таркиби асосан академия тарбияланувчиларидан ташкил топганлиги эътиборга молик. Яқинда Ўзбекистон Кубогининг саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, гуруҳ босқичига йўл олди. “Андижон II” энг ёш жамоа сифатида эътироф этилди. Футбол академиясида уларни тантанали кутиб олишди. Ўсиб келаётган иқтидор эгаларига ўзимиздан ва хориждан яхшигина таклифлар бўляпти. Sports.uz мухбири фурсатдан фойдаланиб жамоа устози Шоҳруҳ Ишановнинг фикрлари билан қизиқди.
- Мусобақадан олдин бизга кўпчилик ишонмаганди, - дея гап бошлади бош мураббий. - Ҳатто, кубок саралаш баҳсларига қуръа ташланганидан кейин бизни аутсайдерлар қаторига қўшиб қўйишди. Биринчи учрашувдан кейин таркиби асосан ёшлардан ташкил топган экан, дея бизга жиддий қарашмади. Бу ҳолат ҳам жамоамизга қандайдир куч берди, руҳий далда бўлди. Барибир биз кубокнинг учта босқичидаги ўйинларга жиддий тайёрлангандик. Авваламбор, жамоамизни биринчи лигада иштирок этиш имкониятига эга бўлганидан хурсандман. Бунинг учун раҳбарларимизга миннатдорлик билдираман. Раҳимов Зафархўжа Акрамхўжаевичга клубимиз номидан катта раҳмат. Қолаверса, академиямиз директори Мадраҳимов Насибилло Муродовичга ҳам ўз миннатдорлигимни билдираман. Январь ойида Хонободда 20 кунлик ўқув-йиғин машғулотини уюштириб берди. Бундан ташқари, Фарғонада “Ҳоким кубоги”да қатнашишимизга ҳам кўмаклашди. Кейин “Навбаҳор-фарм” жамоаси билан иккита ўртоқлик ўйинини ўтказдик ва ҳар иккисида ҳам дуранг ўйнадик. Шунингдек, “Навбаҳор” U-19 ва “Андижон” U-19 жамоалари билан ҳам майдонга тушдик. Мана шундай тайёргарлик кўриб Тошкентга йўл олдик.
Кубок саралашининг илк учрашуви жуда қийин бўлди. Аввалига ёмғир ёғди. Кейин қорга айланиб кетди, майдон қорга бурканди. Биринчи таймдан кейин ҳам майдонни тозалаш учун танаффус яна 15 дақиқага чўзилди. Қўл остимдаги йигитларга катта раҳмат айтаман. Барча вазифаларни тўлиқ уддаладилар. Учта учрашувда учта қизил карточка кўрсатилди. Бу ҳам бизга катта ёрдам берди. Илк ўйинда пенальтилар сериясида омад бизга кулиб боқди. Иккинчи беллашувда “Арал” билан ўйнадик. Бу кучли рақиблигини билардик. Шуни айтмоқчиманки, бизнинг жамоа асосан ёшлар негизи остида қурилган. Асосий таркибда ҳали 17 ёшга тўлмаган 6 нафар футболчимиз доимий равишда майдонга тушди. Кейин 8 нафар ўйинчимизни алоҳида таъкидламоқчиманки, улар аввал Сервер Жепаров бошчилигидаги ўсмирлар терма жамоасида тўп сурди. Кейин Рауф Инилеев жамоасига ўтдилар. Дарвозабон Асилбек Тожиддинов, ҳимоячи Файзулла Нурмуҳаммедов, Абубакр Режабаев ярим ҳимоячи Зайниддин Ҳамрабоев, Фазлиддин Зуҳриддинов, ҳужумчилар Азизбек Усмонов, Ҳамидилло Каримов, Ўктамбек Абдумаликов...булар терма жамоа аъзолари. Бу футболчилар билан фахрланаман. Ҳали бунақаси Андижон тарихида бўлмаган. Чунки битта клуб сафидаги 8 нафар ўйинчининг ўсмирлар терма жамоасида тўп суриши катта натижа. “Арал” билан ўйинга келсак, ўйинчиларимизнинг ўзига бўлган ишончи кучли эди. Учинчи учрашувда “Юниред” билан ўйнадик. Улар “Шаҳрихончи”ни ютиб кейинги босқичга чиққанди. Тан олиш керак, бу рақиб янада кучли эди. Учинчи босқичга чиққан жамоалар орасида кучсизи бўлмайди. “Юниред” билан баҳсда Азизбек Усмонов ҳал қилувчи голни урди ва биз ютиб кетдик.
Азизбек Усмоновга Франция клубидан расмий таклифнома келди. Шу футболчимизни улар кўрикка чақиришяпти. Уни Зафар ака Раҳимовнинг ўзи бирга олиб боради. Айни дамда музокаралар давом этяпти. 70-75 фоизга келишиб бўлинди. Мақсадимиз бизнинг тарбияланувчиларимиз ўзимизнинг кучли клубларда ва Европа жамоаларида тўп суришларини хоҳлаймиз. Шунингдек, Зайниддин Ҳамрабоевга Москванинг “Локомотив” клуби академияси бир йил давомида қизиқиб келяпти. “Бунёдкор”, “Локомотив” каби жамоалардан ҳам шогидларимизга қизиқишлар бор.
Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичидаги биринчи ўйинни “Бобур арена”да “Олимпик” клубига қарши ўтказамиз. ”Олимпик” ҳам ёшлардан ташкил топган жамоа эди. Бу йил Суперлигага чиқди. Футболчиларимиз улар қилган ишни ҳам биз бажарсак бўлади, дея руҳий тарафдан ўзларига ишонишяпти. Бўлажак ўйингача тактик хатоларимиз устида ишлаймиз. Учрашувда кучли жамоа ютади. “Олимпик” Ўзбекистон олимпия терма жамоасидан ташкил топган жамоа ҳисобланади. Бу ерда ўз амплуаларининг усталари йиғилган. Шунга қарамай, “Олимпик”нинг ўйинларини кўриб чиқяпмиз. Барибир ҳар бир жамоанинг нозик жойи бўлади. Ўз устимизда ишлашда давом этамиз. Аммо футболчиларимиздан ютамиз, деган талаб йўқ. Чунки ўзи битта сенсацияни яратиб бўлдик. Лекин натижа ва мухлислар учун ўйнаймиз, - деди Ишанов.
Фикрлар