"Андижон" келаси йилга нимани кўзлаяпти ёхуд янги футболчилар билан музокаралар бошланган

“Андижон” клуби 19-турдан кейин турнир жадвалида кучлик олтиликка кириб олди. Бунга албатта водий дербисидаги қимматли ғалаба туфайли эришди.

Ҳамма ушбу ғалабани ўзгача таърифлади ва “Бургутлар”га юқори баҳо берилмоқда. Лекин олдинда яна муҳим беллашувлар турибди. “Андижон” клуби бош директори Улуғбек Мирзаев ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- “Андижон”нинг “Навбаҳор”га қарши баҳсдаги ўта муҳим ғалабаси билан табриклаймиз. Ортда қолган бўйича сизда қандай таассуротлар бор?

- “Навбаҳор” жамоасига қарши ўйин бу ўз номи билан водий дербиси эди. Биз бу ўйинни узоқ кутдик ва узоқ тайёргарлик кўрдик. Худога шукр, учрашувда мухлисларимизни хурсанд қила олдик. Бир неча кун олдин Осиёнинг энг кучли клубларидан бири “Ал-Ҳилол” билан Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаб қайтган “Навбаҳор”ни мағлубиятга учрата олганимиз ўйлайманки, мамлакатимизда катта натижа сифатида қабул қилинди. “Андижон” жамоаси бу йил ҳақиқатан ўзига хос мукаммал жамоа сифатида шаклланганлигини кўрсатди. Бироқ ўйлайманки, бизга эътибор берган бўлсанглар, яъни, турнир жадвалига қарасанглар, ҳимоя ва дарвозабон томонидан нисбатан кўнглимиз тўқ. Суперлигада 14 та жамоа орасида биздан кам гол ўтказган фақат учта жамоа бор. Булар – “Нефтчи”, “Насаф” ва “Навбаҳор” жамоалари ҳисобланади. Бироқ турнир жадвалига қарасангиз, биздан кам гол урган клублар ҳам атиги тўртта. Яъни, “Қизилқум”, “Бухоро”, “Турон” ва “Олимпик”. Гол уриш борасида кўнглимиз буткул тўлмаяпти. Сермаҳсуллик режамиздагидан кўра, бироз камлик қиляпти.

- Рубин Хебай 10 та гол билан тўпурарлар орасида бораётганига қарамай, шундай фикр билдиряпсизми?

- Тўғри, биз селекция жараёнида яққол олдинги чизиқда ўйнайдиган футболчи бўйича адашмадик. Рубин Хебай 10 та гол урди ва 3 та голли узатма берди. Албатта, бу натижалари билан у жамоамизга катта ҳисса қўшяпти. Лекин кўпроқ нимани назарда тутяпман? Бизда айтайлик, яққол тўпурар бўлиб турган ҳужумчига айнан гол уриш йўналишида ёрдам бераётган ҳужумкор ярим ҳимоячиларимиз янада бошқача ҳажмда тўп суришларини истаяпмиз. Рақиб жарима майдонида қанотлардан тезкор тарзда ёриб кириб, вазиятни ўзи якунлайдиган ёки голли узатмани амалга оширадиган ўйинчилар келаси мавсумда биз учун муҳим. Хебайдан кейинги бизнинг тўпураримиз Илҳом Алижонов, унда 3 та гол бор. Ундан кейин Армин Бошняк ва Суҳроб Бердиев бўлиб, уларнинг ҳисобида 2 тадан голи бор. Хебай билан кейинги тўпурарларимиз орасидаги тафовут 7 тани ташкил қиляпти. Истардикки, таркибимизда 5-6 та гол ура оладиган ярим ҳимоячилар ҳам бўлса. Шунда очколаримиз ҳам янада кўпроқ бўларди. Масалан, ОКМК билан сафардаги ўйинимизни олайлик. 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганимизда Нодари Кавтарадзе яккама-якка ҳолатда қолди, аммо ўша вазиятдан фойдалана олмаган. Балки гол урганида биз уч очкони қўлга киритган бўлишимиз мумкин эди. Мана шундай пайтда очколаримиз янада юқорига кўтарилишимиз учун етишмай қоляпти. Алижонов чап қанот ҳимоячиси, Бошняк эса сафимизга иккинчи даврада қўшилди. Иккинчи даврада айнан шунақа ярим ҳимоячини Армин Бошняк мисолида топдик. У мавсум охиригача яна 3-4 та гол урадиган бўлса, бизга етишмаётган масалани қисман бўлса-да, ёпган бўламиз. Айтайлик, “Қизилқум”даги Ислом Кенжабоев ёки ОКМКдаги Хуршид Ғиёсов кабилар ҳар йили 8-9 та гол урадилар. Яна бир қатор голли узатмалар беради. Тўғри, Ғиёсов бир қанча голларини пенальтилардан ҳам киритишини биламиз. Бироқ у барибир ўйиндан ҳам етарлича гол ура олади. 2019 йили 23 ёшида “Бунёдкор”да чемпионатда 12 та гол урганини ҳам эслаймиз. Шу боис уни кўпроқ гол уриб турадиган ярим ҳимоячилар қаторида тилга олаётганим бежиз эмас. Кенжабоев бу йил ҳозирча 5 та гол урди. Бизга шундай футболчилар етишмаяпти. Масалан, “Бунёдкор”да ўйнаган Умарали Раҳмоналиев ёки “Пахтакор”да тўп сурган Аббос Файзуллаев ярим ҳимоячи бўлишига қарамасдан 5-6 тадан гол уришарди. Албатта, голли узатмаларни ҳам доимий тарзда амалга оширишарди. Шундай 2-3 та ярим ҳимоячи билан таркибимизни бойитиб олсак, ўйлайманки, ҳозирги натижаларимиз янада зўр бўлади. Масалан, айни пайтда 28 очкоимиз бўлса, бундай ярим ҳимоячилар билан очколаримиз сони айни пайтда совринли ўринлар учун курашаётган клубларники каби камида 33-34 очко бўлиши мумкин эди. Буни таҳлиллар кўрсатиб турибди. Кейинги йили гол уриш қобилиятига эга ярим ҳимоячилар билан сафимизни янада бойита олсак, “Андижон” совринли ўринлар учун курашишини, бу йилги натижаларимиз мухлис ва мутахассисларга ҳам кўрсатиб турибди. Бу ҳеч қандай оширилиб гапирилаётган гаплар эмас. Биз етишмаётган жиҳатни кучайтириш бўйича ишлаяпмиз. Бир нечта футболчилар билан музокараларни бошлаб юборганмиз. Лекин ҳозирча уларнинг номларини ошкор қилиш истагида эмасмиз. Юқоридаги камчилигимизни бартараф қилсак, кейинги йили мухлисларимиз “Андижон”дан бундан-да,  юқори натижаларни кутса бўлади.

- Жамоани олдинда “Металлург”га қарши беллашув кутмоқда. Бўлажак ўйин ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айтинг-чи, бўлғуси ўйинга тайёргарлик ишлари қандай олиб бориляпти?

- “Металлург” билан учрашувга тайёргарлик доимгидек режа асосида олиб бориляпти. Хабарингиз бор, “Металлург”ниг уй стадиони майдони таъмирланиши муносабати билан мавсумнинг қолган қисмида рақибларини Олмалиқдаги стадионда қабул қилади. Бу йил “Металлург” биринчи марта рақибини Олмалиқда қабул қилади. “Навбаҳор” билан учрашувдан кейин жамоамиз баланд ритмга тушиб олган. Шуни ушлаб қолиш учун жиддий тайёргарлик кўриляпти. 25 сентябрь куни жамоамиз Олмалиққа етиб борган. Футболчиларимиз бу учрашувда ҳам ўзларининг энг яхши сифатларини ва ўйинларини намойиш қилишади, деган умиддаман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
chorvoq
27/09/2023 07:44
Навбахорни ютган жамоа Реални ютгандек ўзларини хис қилиши, Навбахорга икки карра мехримни оширади. Демак Навбахорни ўрнак бўладиган тарафлари кўп экан