Андижон клуби янги мавсумда ўз уй учрашувларини Фарғонада ўтказади
Ўз олдига профессионал футбол клуб сифатида ҳар томонлама шаклланиб боришни, турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизга муносиб номзодларни етказиб беришни, маҳаллий иқтидорларни хориж клубларида фаолият юритишини таъминлашни асосий мақсад қилиб қўйган “Андижон-SGS” жамоаси бу йил Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигасининг лицензиялаш жараёнидан ўтади.
Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, жамоа раҳбарияти айни кунларда ЎзПФЛнинг лицензиялаш бўлими билан яқин ҳамкорлик ўрнатган холда сўралган хужжатларни расмийлаштириш ишларини олиб бормоқда. Лицензиялаш талаблари бандларида кўрсатилган талаблар ижросини таъминлаш мақсадида “Андижон-SGS” уй ўйинларини ўтказиш учун талабга жавоб берадиган стадионни танлаш ва унинг хужжатларини тақдим этиш лозим бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиққан холда, андижонликлар бу йил ўз уй учрашувларини Андижон шаҳридаги “Бобур Арена” стадионида ўтказиш бўйича ЎзПФЛга маълумот тақдим этган. Бугунги кунда эса “Бобур Арена” стадионида кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Аммо аномал совуқ ҳавонинг кириб келиши таъмирлаш ишларига ҳам салбий таъсирини ўтказмасдан қолмади. Мутахассисларининг маълум қилишича, стадион катта эхтимол билан май ойида тўлиқ фойдаланишга топширилади. Шуни инобатга олиб, “Андижон-SGS” чемпионатнинг биринчи давра уй учрашувларини вақтинча Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида ўтказади. Томонлар бу борада келишувга эришди.
"Клуб спорт директори Исломбек Рустамов куни-кеча Фарғона шаҳрида бўлиб, “Истиқлол” стадионининг бугунги холати билан яқиндан танишди. Стадион бошқарув раиси Илҳомжон Сабитов билан учрашув чоғида ташкилий масалалар юзасидан тўлиқ келишиб олинди ва якунда ЎзПФЛ талабидан келиб чиқиб, уч томонлама шартнома имзоланди. Ушбу расмий келишув якуни бўйича жамоамиз ЎзПФЛни хабардор этди. Ўз навбатида жамоамизнинг ушбу келишувини қўллаб-қувватлаб ёрдам бергани учун ЎзПФЛга миннатдорчилик билдирамиз", - дейилади клуб хабарида.
Фикрлар