"Андижон" "Пахтакор"га қарши охирги учта ўйиндан бери муваффақиятли ўйнаяпти
2 июнь куни Андижондаги “Бобур арена”да “Андижон” Тошкентнинг “Пахтакор” клубини қабул қилади. Бу жамоаларнинг Ўзбекистон чемпионати тарихига тўхталсак, бунгача жамоалар 54 маротаба майдонда куч синашишган. “Андижон”да 6, “Пахтакор”да 39 ғалаба бор. 9 та ўйинда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати 37\126 “Пахтакор” фойдасига.
“Андижон” – “Пахтакор” клубларининг Ўзбекистон чемпионатидаги илк ўйини 1992 йилнинг 20 май куни бўлиб ўтган ва меҳмонларнинг ғалабаси билан якун топган – 0:3.
Шуни алоҳида айтиш керакки, жамоаларнинг охирги учта ўйинидан бери “Андижон” ютқазмаяпти. 2021 йилнинг 19 сентябрь куни Андижондаги учрашувда Фарҳод Соҳибжоновнинг ягона голи “Пахтакор”ни мағлуб бўлишига сабаб бўлган. Ўтган йили Тошкентдаги беллашувда 1:1 ҳисоби қайд этилган. "Бургутлар"дан Рубин Хебай гол муаллифи бўлган. Андижондаги ўйинда эса Хебайнинг шедевр голи эвазига “Андижон” муҳим ғалабани қўлга киритган.
Барча мухлисларни 2 июнь куни соат 19:00 да бошланадиган марказий учрашувга таклиф қилиб қоламиз.
"Андижон" матбуот хизмати.
Фикрлар