"Андижон" сафида янги футболчилар бор
Бугун "Андижон"нинг Анталиядаги бешинчи куни. Кеча Жанубий Корея U-23 термасига қарши назорат баҳсида 0:0 ҳисобини қайд этган вакилларимиз бугун режага кўра яна машғулотларини давом эттирмоқда. Аввалига майдонда, сўнгра тренажёр залида шуғулланишди.
Таркибда қандай ўзгаришлар юз бераётгани ҳам мухлисларга қизиқ, албатта. Машғулотларга янги футболчилар қўшилишган. Аввалига “Металлург”дан Бектемир Абдуманнонов ва “Олимпик”дан Шерзод Эсанов жалб этилди. Биласиз, Эсанов ўтган мавсум биринчи даврадан кейин "Андижон" сафини тарк этиб, “Олимпик” клубига ижарага берилганди.
Булардан ташқари, “Андижон-SGS”дан Абубакр Режаббоев, қолаверса, иқтидорли ҳужумчи Диёр Тоиров ҳам “Андижон” билан Анталиядаги йиғинда қатнашишяпти. Ўтган мавсум “Турон” шарафини ҳимоя қилган Марлен Чобанов ҳам жамоанинг йиғинларига қўшилди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Суннат Абдуллажонов билан шартнома имзолангани хусусида расмий хабар берганмиз.
Селекция ишлари давом эттириляпти. Юқоридагилар билан шартнома имзолангач, бу хусусида расмий саҳифаларимиз орқали расман эълон қиламиз, - дея хабар бермоқда, "Андижон" матбуот хизмати.
Фикрлар