"Андижон" U21 жамоаси ҳам халқаро ўртоқлик ўйинида иштирок этади
Маълумки, яқинда “Андижон” жамоаси Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрига сафар қилган ҳолда бир қатор тадбирларда қатнашиб қайтди ва меморандумлар ҳам имзоланди. Ушбу келишувга мувофиқ 14 сентябрь куни Андижондаги клуб қароргоҳидаги майдонда “Андижон” U21 билан Ўшнинг Асилбек Момунов номидаги футбол академияси ўртасида халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Ўйин соат 15:00 да бошланади.
Маълумот учун, Асилбек Момунов 1966 йилда таваллуд топган ва Қирғизистондаги энг иқтидорли, таниқли футболчилардан бири бўлган. 1994 йили “Пахтакор”да ҳам тўп сурган. Бироқ 1996 йилнинг 29 март санасида бахтсиз ҳодиса юз берган ва автоҳалокатда вафот этган. Ўшанда 30 ёшда эди. Ўшдаги футбол академиясига айнан Асилбек Момунов номи берилган. Бу Қирғизистондаги энг кучли футбол академияси ҳисобланади.
Бундан ташқари, у ерда худди бизнинг про лига каби миллий лигасида Асилбек Момунов номидаги футбол жамоаси қатнашади. Миллий лигасида 16 та жамоа иккита зонага бўлинган. Булар – “А” ва “Б” зоналар деб аталади. 8 та жамоа иккита даврадан ўйин ўтказади. Момунов номидаги академия жамоаси ўз минтақадасида 1-ўринда. Ҳар бир бир гуруҳдан дастлабки икки ўринни олган жамоалар плей-оффда Қирғизистон премъер-лигасига бериладиган иккита йўлланма учун курашадилар.
Ҳозирги пайтда ўша ҳал қилувчи раунд бошланиш арафасида. Айнан бўлажак муҳим баҳслар олдидан улар кучлироқ спарринг-рақиб билан ўйин ўтказиш мақсадида академия директори Тимур Абдуллаев мурожаат билан чиқди ва натижада халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказилишига келишиб олинди.
Академия таркиби 2005-2006 йилларда туғилган футболчилардан иборат. 14 сентябрь куни меҳмонлар эрталаб “Дўстлик” чегара постидан ўтиб келадилар. Шуни ҳам қўшимча қилиш лозимки, яқинда Жалолободдаги тадбирда мазкур академия Андижон футбол академияси билан меморандум имзолаган.
Қўшимча маълумот учун, Асилбек Момунов номидаги футбол академияси Миллий лигада ўзининг охирги ўйинин 7 сентябрь куни “Анадолу”га қарши ўтказди ва сафардаги баҳсда 1:6 ҳисобида ғалаба қозонган. Бу жамоа ўз минтақасида 14 та ўйинда 10 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этиб, тўплар нисбатини 54/22 га етказиб, 31 очко билан якка пешқадамликни қўлига олган. Ундан кейинги 2-ўрин “Тепе-Коргон”га насиб этди. Шунингдек, “А” зонасида 1-ўрин “Иссик-кўл Мурас”га тегишли ва 2-поғонада “Наше” жамоаси.
Бундан ташқари, меҳмонлар Андижон футбол академиясига бориб, у ердаги шарт-шароитлар ва инфратузилма билан яқиндан танишишлари кўзда тутилган.
“Бу Қирғизистондаги энг кучли футбол академия ҳисобланади. Худо хоҳласа, келажакда “Андижон” клуби ушбу академия билан ҳам танишиб келади. Бундай учрашувлар жуда муҳим. Куни кеча Қирғизистон миллий терма жамоаси сафарда Қувайтни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Яъни, Қирғиз футболи ҳам ўзига хос ривожланиш босқичида. Интернет орқали кўрдим, бу катта майдонга ва катта ҳудудга эга бўлган академия. Шу боис у ерга ҳам бориб, қирғизистонлик дўстларимиз билан танишиб, ёшлар йўналишида ҳам яна бошқа ўртоқлик ўйинларини ташкил қилиб, биргаликда ривожланиш бўйича ишлар олиб борамиз”, дея фикр билдирди “Андижон” клуби бош директори Улуғбек Мирзаев.
"Андижон" матбуот хизмати.
Фикрлар