"Андижон" устози Ван Дейк жамоасини ютганини биласизми? Ёхуд Виктор Кумиковнинг фаолиятидаги учта энг муҳим ўйини!
Суперлигада фаолият кўрсатаётган россиялик мураббийлардан бири Виктор Кумиков катта тажрибага эга. Унинг шу пайтгача босиб ўтган йўлидан алоҳида китоб ёзса бўлади. Футболда ғалаба билан мағлубият ёнма-ён юрганидек, унинг фаолиятида ҳам ёрқин ғалабалар ва аччиқ мағлубиятлар бир-бирининг ўрнини тўлдириб келмоқда.
Кумиковнинг мураббийлик ҳаёти асосан учта мамлакат – Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан боғлиқ. 1995 йилда “Автозапчасть” жамоасига устозлик қилиш орқали мураббий сифатидаги фаолиятини бошлаган. Кейин “Спартак-Нальчик”да ишлади. Шундан сўнг, Балютовичнинг Қозоғистондаги ҳаёти бошланди. Дастлаб “Есиль” клубида икки йил ишлади. Сўнгра, “Елимай” ҳамда “Қайсар”жамоаларини бошқарди. Орада яна Россияда ишлади. 2006 йили “Мегафон-Кавказ”га бош мураббийлик қилгач, шу йили Муборакнинг “Машъал” жамоаси Кумиковга таклиф билан чиқди. Натижа шу йилдан юртимиздаги фаолияти бошланди.
“Машъал”да яхши ишлаганини эслаймиз. Клубни Ўзбекистон Кубоги финалига олиб чиқди. Кейинчалик уни “Насаф”га чақиришди. Шу тариқа, 2008-2010 йиллар давомида у Қарши жамоасини бошқарди. Чунки Кумиковни Ўзбекистонга олиб келган Баҳром Давлатов ўшанда “Машъал”дан “Насаф”га кўчиб ўтганди, менежер сифатида. Шу боисдан ўзи яхши билган мутахассисни ҳам “Насаф”га олиб ўтди. Жамоа билан икки марта бронзага эга чиқди.
Кумиковни Қозоғистондаги фаолияти орқали яхши эслаб қолишгани туфайли россиялик мутахассисни яна қўшни юртга чақиришди. Натижада 2011 йили Қарағанданинг “Шахтёр” жамоасини қабул қилиб олди. Шундан бошлаб Виктор Балютовичнинг фаолиятида чинакам муваффақиятли йиллар кузатилди. Дастлабки икки мавсумидаёқ Кумиков “Шахтёр”ни чемпионлик сари етаклаб келди. 2013 йили Қозоғистон Кубогини ютди. Шу йили Суперкубокни ҳам ўзиники қилди ва яна икки марта финалда ўйнади. Уч йил давомида Кумиков Қозоғистоннинг энг яхши мураббийи номига сазовор бўлди. 2013 йили “Шахтёр” билан Европа Чемпионлар лигаси саралашида қатнашди. Ўшанда Кумиков жамоаси билан дастлабки саралашда Беларуснинг БАТЭ клубини уйда ҳам, сафарда ҳам 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Кейинги босқичда Алабниянинг “Скендербеу” жамоаси “Шахтёр”га рўбаро келди. Ўз майдонида 3:0 ҳисобида енгган Кумиков жамоаси сафарда 3:2 ҳисобида ютқазди ва икки ўйин натижасига кўра, охирги босқичга етиб келди. Бу ерда уларни Шотландиянинг “Селтик” жамоаси кутиб турарди. Қарағандада ўтган илк учрашувда Кумиков шогирдлари 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Аммо жавоб баҳсида шотландлар жавобсиз учта гол уриб якунда чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига чиқишга муваффақ бўлди. Ўшанда “Селтик” таркибида Виржил ван Дейк, Йоргос Самарас каби таниқли футболчилар тўп суришган. Ван Дейк “Селтик”дан кейин “Саутгемптон”га кўчиб ўтган ва у ердан сўнг “Ливерпуль” билан шартнома тузган.
“Шахтёр” “Селтик”ка икки ўйин натижасига кўра ютқазгач, Европа Лигасида иштирок этди. Гуруҳда Нидерландиянинг “АЗ Алкмаар”, Грециянинг ПАОК ва Исроилнинг “Маккаби” жамоалари билан куч синашган. “Шахтёр”даги муваффақиятли мавсумлардан кейин Кумиков 2014 йилнинг декабрь ойида “Ордабаси” билан шартнома тузди. Бу клубда икки мавсум ишлади. 2015 йилда Кумиков Қозоғистон миллий терма жамоасида бош мураббий Юрий Красножанга ҳам ёрдам берди. Кўриб турибсизки, россиялик мутахассиснинг Қозоғистондаги фаолияти жуда ёрқин ва саргузаштларга бой ўтди. Унинг юртимизга иккинчи қайтиши 2016 йилга тўғри келди. Ўшанда у АГМК бош мураббийи сифатида иш бошлаганди. 2018 йилга келиб уни яна қозоқ чемпионатига чорладилар. Бу сафар “Атирау”да фаолият кўрсатди. Ўтган йили эса “Андижон” унга таклиф билан чиққанини биласиз. Ўйлаймизки, ундан кейинги воқеалар ривожидан хабардорсиз. Шундай қилиб, “Андижон” устозининг бугунга қадар мураббийлик фаолиятида босиб ўтган йўлидан оз бўлса-да маълумотларга эгасиз. У кўп ўйинларни ўтказди. Шунинг учун Виктор Балютовичдан фаолиятидаги учта энг муҳим ўйин ҳақида сўрадик. Табиийки, мураббий бу саволга бироз ўйланди ва кейин жавоб қайтарди.
1. Европа Чемпионлар лигаси охирги саралаш босқичи. “Шахтёр” – “Селтик” – 2:0
- Муҳим учта ўйин билан боғлиқ саволингизга келсак, буларни бирма-бир санаб ёки ажратиб беришим жуда қийин бўлади. Чунки биз чемпионатда, Кубок доирасида халқаро миқёсида бир-биридан қизиқарли ва муҳим ўйинларни ўтказганмиз.
Дастлабкиси бу “Шахтёр”нинг халқаро майдондаги ўйини. Ўшанда биз илк бор Европа Лигаси мусобақасида иштирок этиш имкониятини қўлга киритгандик. “Селтик”ка қарши кечган беллашув эса бу чемпионлар лигаси доирасида бўлганди.
2. Қозоғистон чемпионати. “Шахтёр” – “Астана” – 2:0
- Иккинчи ўйин бу Қозоғистон чемпионати ғолиби масаласини ҳал этган беллашув бўлган. Ўшанда биз 2011 йили биринчиликнинг охирги турида “Астана” клуби устидан ғалаба қозониб, якунда чемпионга айланганмиз.
3. Қозоғистон Кубоги финали. “Шахтёр” – “Тараз” – 1:0
- Учинчи учрашувга келсак, бу Қозоғистон Кубоги финали эди. 2013 йили қозоқ футболининг 100 йиллиги ҳам нишонланиб, стадион мухлислар билан лиқ тўлган ва хориждан ҳам меҳмонлар келишганди. Халқаро эътирофни ҳис қилиш – бу ҳар қандай кишини тўлқинлантириб юборадиган ҳолатдир. Боз устига мен ўшанда мураббийлик фаолиятимдаги дастлабки Кубокни ютгандим.
Ҳа, Виктор Балютовичнинг фаолиятидаги энг эсда қолган учта ўйини асосан “Шахтёр” жамоаси билан боғлиқ бўлиб чиқди. Лекин унинг “Андижон” бош мураббийи сифатида “Пахтакор”нинг мағлубиятсиз сериясига барҳам берган ўйини ҳам унинг фаолиятидаги муҳим учрашувлардан бири бўлиб тарихга кирди. Ундан шу ҳақда сўраганимизда, мураббийнинг жавоби шундай бўлди:
- “Пахтакор”га қарши ўйин “Андижон” учун ўта муҳим эди. Бундан ташқари, муҳимлик жиҳатидан “Андижон” яна учта учрашувда қатнашиши лозим бўлиб, “Пахтакор”га қарши тўқнашув мана шулардан бири саналарди. Клубнинг ғалаба қозонгани мени ҳам хурсанд қилди. Руҳий жиҳатдан ҳам бу беллашув “Андижон”га ўта муҳим саналарди. Жиддий рақиб устидан қозонилган ютуқдан кейин “Андижон” клуби футболчиларининг руҳиятида яхши ўсиш кузатилганига шубҳа йўқ, - деди Кумиков.
Фикрлар