"Андижон" уй стадиони прожекторлари 1340 люксга етказилди (фото)
“Бобур арена”ни Суперлига беллашувларига тайёрлаш ишлари давом этмоқда. 12 июль куни Лига мутахассислари Андижонда бўлиб, расмий учрашув ўтказиш бўйича қилиниши лозим бўлган, бироқ режадан ортда қолаётган масалаларни баёнлаштирганди. 21-23 июль кунлари Лига Андижонга навбатдаги бор ўз мутахассисларини юборди.
Келишувга кўра “Бобур арена” стадиони прожекторлари 19 июль санасига қадар 1500 люксни ташкил қилиши керак эди. Бироқ 22 июль ҳолати бўйича прожектор ёруғлиги ўртача 1340 ни кўрсатди. Кийим алмаштириш, ҳакамлар, комиссар ва бошқа хоналарни тайёрлаш ишлари деярли якунига етган бўлиб, мазкур хоналарни жиҳозлаш ишлари қолган. Иш қай тариқа бажарилаётганини кўздан кечириш мақсадида кеча — 23 июль куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам “Бобур арена”га ташриф буюрган.
Ўтган йилнинг 16 ноябрь куни вилоят ҳокими ҳамда Лига раҳбари ўртасидаги келишув асосида “Бобур арена”да суғориш ва дренаж тизими, шунингдек, майдон талаб даражасига келтирилди. Прожекторларни созлаш ҳаражатлари қоплаб берилди. Айни кунларда прожекторнинг қолган техникаси Ўзбекистонга кириб келаётган бўлиб, яқин кунлар ичида унинг ёруғлик даражаси ўртача 1800-2000 люксга етказилиши кўзда тутилган.
Шунга қарамай, Бўстон даҳасида жойлашган стадион билан боғлиқ камчиликлар бартараф этилмаган. “Андижон” клуби раҳбарияти шу йилнинг май ойида Лигага расмий хат билан чиқиб, U21 жамоасининг уй учрашувларини шартли равишда Бўстонда ўтказиш масаласида ёрдам сўраган. Бироқ ҳозирги кунга қадар техник зона билан боғлиқ талаблар умуман бажарилмаган.
Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят футбол ассоциацияси ҳамда Лига “Бобур арена”га Суперлигани қайтариш устида ишламоқда.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар