Андижонда футбол тизими янада такомиллаштирилади

18 апрель куни Андижонда катта футбол байрами бўлиб ўтди. Шу куни қайта таъмирдан чиқарилган “Соғлом авлод”  стадони ўзида илк бор Суперлига баҳсини қабул қилди. Дарҳақиқат, ўйингоҳ чиройли кўринишга эга бўлиб, катта ҳажмдаги ишлар бажарилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Натижада “Андижон” – “Насаф” жамоалари ўртасидаги очилиш учрашувига қизиқиш катта бўлди. Мазкур баҳс Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице-президенти Умид Аҳмаджоновни ҳам бефарқ қолдирмади. Шу мақсадда Аҳмаджонов бошчилигидаги катта делегация Андижон шаҳрига ташриф буюришди.

Ёш футболчилар хорижга юборилади

Маълумки, Умид Аҳмаджонов 2018 йилнинг 2 февраль куни Андижонга қилган ташрифи чоғида вилоят спорти билан яқиндан танишганди ва шу жумладан футболга қаратилаётган эътибор ва шарт-шароитларга ҳам алоҳида урғу берганди. Ўшанда “Соғлом авлод” стадионини янада кўркам ва замонавий ҳолатга келтириш бўйича кўрсматмалар берганди. Шунингдек, шаҳардаги футболга ихтисослашган болалар ва ўсмирлар футбол мактабида ҳам бўлганди. Эндиликда эса ушбу маскан Андижон болалар-ўсмирлар футбол академиясига айлантирилди. Насибилло Мадраҳимов раҳбарлик қилаётган мазкур даргоҳ бир қатор самарали ишлари билан кўпчиликнинг эътиборини тортаётгани аниқ. Умид Аҳмаджонов эса Шўрбулоқ даҳасида жойлашган ушбу футбол академиясига ташриф буюрди. Олдиндан ўтиб шуни айтиш керакки, ушбу футбол билим даргоҳида 154 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мазкур академия тарбияланувчиларидан иборат “Андижон-2” жамоаси эса бу йил илк бор про-лига “Б” мусобақасида иштирок этмоқда. Қолаверса, у ерда тарбияланаётган бир қатор ёшлар эса “Андижон”нинг U-21 жамоасида тўп суришмоқда. Бир сўз билан айтганда, у ерда ёшларнинг футболга бўлган муносабати ва эътибори доим юқори даражада бўлиб, буни бир қатор натижалар орқали ҳам акс эттиришмоқда. Масалан, яқинда Шохруҳ Ишанов ва Лочин Гулдаев бошчилигидаги 2005 ва 2006 йилларда туғилган футболчилардан иборат жамоа ҳар йили Россия ва Қозоғистонда ташкил этиладиган халқаро мусобақаларда иштирок этиб келмоқдалар. Шу йилнинг 24-31 март кунлари Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида навбатдаги халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Унда Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан ҳам жамоалар иштирок этишди. Эътиборлиси, Андижон футбол академиясининг “АФА-SGS Shiringaz» жамоаси халқаро мусобақа ғолиблигига айланганди. Яқинда эса ушбу чемпион бўлган футболчилар билан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам учрашиб, уларни табриклаганди. Умид Аҳмаджоновни эса футбол академиясида айнан ушбу чемпионлар қарши олишди. Табиийки, ЎФА вице-президентини ҳам уларнинг халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келаётгани беъэтибор қолдирмади. Умид Муҳаммаджонович ёш болажонлар билан учрашар экан, уларни табриклаб, яна қандай шароитларга эга бўлишни истаётганликлари билан қизиқди. Қолаверса, мураббий Шохруҳ Ишанов ҳам Умид Аҳмаджоновга болалар футболига қаратаётган эътибори учун миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида ЎФА раҳбари бу ёшларни хориждаги янада нуфузли мусобақаларга юбориш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, ёш футболчиларга эсдалик учун тўпларини топширди.

Эктор Купер Андижонга келади

Шундан сўнг Аҳмаджонов футбол академиясида инструктор Зоир Ҳасанов бошчилигида таълим олаётган маҳаллий мураббийлар билан учрашди. Шуни айтиш керакки, у ерда таҳсил олаётган бўлажак мураббийлар орасида бир қатор собиқ футболчиларни учратиш мумкин. Жумладан, “Андижон” жамоасида тўп сурган Лочин Солиев, Муқим Тошматов, Алишер Тўхтасиновларни айтиш мумкин. Умид Муҳаммаджонович эса у ерда мураббийлар билан суҳбатлашди. Эътиборлиси, Аҳмаджоновнинг мураббийлар билан ўтказган суҳбати анча жонли ва очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди. Маълумки, юртимизда футболни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича олиб борилаётган йўналишларда мураббийлар масаласи ҳам алоҳида ўрин тутади. Зеро, ўзимиздан маҳаллий кадрларни, билимли, футболни теран тушунадиган, тажрибали мураббийларни етиштириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланган десак муболаға қилмаган бўламиз. Шунинг учун ЎФА раҳбари футбол академиясида мураббийлар билан учрашган чоғида уларга яратилган шароит ва қулайликларга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, Умид Аҳмаджонов бўлажак мураббий Лочин Солиев билан қисқача савол-жавоб ўтказди. “Андижон” жамоасининг собиқ ҳужумчиси футболчилик билан мураббийлик ўртасида катта фарқ борлигини айтиб, ўзини буткул мураббийлик касбига бағишлаганини ва бунинг учун ўқиб изланаётганини маълум қилди. Шу билан бирга Аҳмаджонов мураббийлардан яна қандай ёрдам керак дея сўраганида, Муқим Тошматов “С” лицензиси учун ўқув-курслари Андижонда ўтказилаётганлиги ва ундан кейинги босқичдаги ўқиш жараёнлари Тошкентда ташкил этилаётганини айтиб, барча ўқув жараёнлари мураббийларнинг ўз ҳудудларида ташкил этилиши борасидаги таклифни ўртага ташлади. Умид Муҳаммаджонович эса бу таклифни қондирди ва эндиликда мураббийларнинг барча ўқув жараёнлари ўз ҳудудларида ташкил этилишини таъкидлади.  

Болалар футболи ҳақида гап кетганда, барибир мураббийларнинг билим ва савиясини ошириш устивор вазифалардан бири эканлигини Умид Аҳмаджонов алоҳида таъкидлар экан, эндиликда Андижонда уларнинг малакаларини ошириш учун терма жамоа мураббийлари бу ерга келиб, семинар ва мастер-класслар ўтказишини маълум қилди.

  • Биз Андижонда мураббийларнинг таълим олишига катта эътибор қаратиб, улар учун ҳамма шарт-шароитларни яратиб берамиз. Энди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер Андижонга келиб, сизларга маъруза ўқийди. Ундан сўнг Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Любинко Друловични ҳам бу ерга юборамиз. Маҳаллий мураббийларимиз улардан тажрибаларини ўрганишлари лозим. Ахир биз уларни нима учун олиб келганмиз? Купер ва Друловичнинг тажрибалари катта. Ўзимизнинг мураббийлар эса албатта улардан нималарнидир ўрганишлари лозим. Сизларни нима қизиқтирса, улардан албатта сўранглар, билинглар, ўрганинглар. Қолаверса, “Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳам Европа футболини кўрган ва унинг ҳам ўз тажрибаси билан ўртоқлашиши фойдали бўлади. Ўзингларда ҳам қандайдир истак ва таклифлар бўлса бемалол бизга айтинглар. Муҳими, сизлар орқали болаларимиз футболда тўғри тарбия олишсин, келажакда етук ўйинчилар бўлиб, терма жамоаларимизга фойда келтирадиган футболчилар бўлиб етишишсин”.

Андижонда мураббийларни тайёрлаш маркази ташкил этилади

Умид Аҳмаджонов таъкидлаганидек, энди Андижонга Эктор Купер, Любинко Друлович ва яна бошқа мутахассислар келиб ўзининг тажрибаларини маҳаллий мураббийларга ўргатади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. ЎФА раҳбари Андижонда футболни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган катта эътибор туфайли бир қатор йўналишларда жиддий ишлар амалга оширилиши лозимлигини ҳам тушунтириб ўтди ва айниқса, боя айтганларидек, мураббийларнинг малакасини ошириш муҳим масалага айланмоқда. Шу сабабли Андижонда илк бор мураббийларни тайёрлаш маркази ташкил этиладиган бўлди. Бу эса вилоятда футболнинг оммавийлигини ошириш учун янада катта туртки беришига умид қилиб қоламиз.

  • Агар ўзимизнинг мураббийларга аҳамият қаратмасак, унда биз ўйлаган режаларимизни амалга ошира олмаймиз. Ўйинчи аввало мураббийи орқали футбол ўйнашни ўрганади. Андижоннинг бахти шундаки, вилоят ҳокими Шуҳратбек Қўшоқбоевич Абдураҳмонов футболни жуда яхши кўради. Боя у киши билан ҳам гаплашдик. Биз Андижонда футболнинг янада ривожланишини истаймиз ва бунинг учун ҳамма нарса бор. Эндиликда эса бу ерда мураббийларнинг касбини оммалаштиришимиз керак. Агар булар бўлмаса ҳеч қанақа футбол ҳам бўлмайди. Энди ҳар бир вилоят бўйича алоҳида стратегиялар ишлаб чиқамиз. Кўп айтаман, Андижон билан Сирдарё ёки Жиззахни солиштириб бўлмайди. Чунки бу ерда аҳоли жуда кўп. Мана, мураббий бўлишни хоҳлаётганлар кўп экан, марҳамат бунинг учун биз ҳамма шароит ва имкониятларни яратиб берамиз. Яхшиси, Андижонда мураббийларни тайёрлаш марказини ишга туширамиз. Бу эса футболимизнинг ривожига ҳам катта туртки беради, - дейди ЎФА вице-президенти.

Футбол академияси майдони янгиланади

Мураббийлар билан учрашиб бўлингач, Аҳмаджонов бошчилигидаги делегация академия биносини, болалар ётоқхонаси, овқатланиш хоналарини ҳам кўздан кечирди. Сўнгра футбол майдонини ҳам эътибордан четда қолдирмади. Маълум бўлишича, ушбу сунъий қопламали майдон 2010 йилда ишга туширилган. Умид Муҳаммаджонович эса майдоннинг ҳолатини кўрибоқ янги чим ётқизилишини, ёш болалар янада сифатли майдонда шуғулланишлари лозимлигини таъкидлади. Шу билан бирга академияни ўзига хос тарзда реконструкция қилиш кераклигини ҳам уқтирди.

“Биз бу ерда шундай шароитларни яратиб беришмиз керакки, ташқаридан ўтиб кетаётган бола ота-онасига мен ҳам шу ерда ўқийман деб айтиши керак. Бу ерда ёшлар учун ҳамма имкониятлар бўлиши шарт. Чунки бу ернинг ҳавоси ҳам жуда тоза. Футбол академияси қулай жойда жойлашган, - дея фикр билдирди, Аҳмаджонов.  

Шу билан бирга вилоятда футболнинг оммавийлигини тарғиб қилиш мақсадида янада кўпроқ меҳнат қилиш лозимлигига ҳам алоҳида урғу қаратилди. Айниқса, бунинг учун дастлабки қадамларни энди мактаблардан эмас, балки боғчалардан бошлаш кераклигига ҳам катта эътибор қаратди.

“Футбол жуда оммавий спорт тури бўлгани сабабли уни ёшларимиз орасида янада кенг тарғиб қилмасак бўлмайди, - дея сўзини давом эттирди, ЎФА вице-президенти. - Бунинг учун нафақат мактаблардан, балки энди боғчаларга кириб бориб, футболга ўша ердан пойдевор қўйишимиз лозим. Боғчага бориб, ёш болачаларга тўпни бериб, футбол нима эканлигини тушунтириш лозим. Бу билан маҳаллий иқтидорли ёшларнинг ўсишига катта хизмат қилган бўламиз. Ҳудудлардаги ҳар бир спорт федерацияси, ўз номига яраша ишларни изчил равишда олиб бориш керак. Масалан, дзюдо федерацияси дзюдони, бокс федерацияси боксни, футбол федерацияси эса футбол ривожини ва оммавийлигини тарғиб қилиш учун аввало боғчалардан ишни бошлаши керак”.

Шунингдек, юқорида таъкидлаганимиздек, тарихда илк бор академия тарбияланувчиларидан ташкил топган футболчлар “Андижон-2” жамоаси сифатида про-лиганинг “Б” гуруҳида қатнашмоқда. Бу ҳам Умид Аҳмаджоновнинг эътиборидан четда қолмади. Шуни айтиш керакки, про-лигада иштирок этаётган жамоалар орасида энг ёши “Андижон-2” ҳисобланади. Уларни Ўзбекистон олимпия терма жамоаси таркибига кириш учун астойдил меҳнат қилишларини ва уларга ҳам барча имкониятлар яратиб берилишини таъкидлади. Ўз навбатида ёш футболчилар Умид Аҳмаджоновга 10-рақамли футболкани эсдалик совғаси сифатида тошпиришди.

Андижонда терма жамоамизнинг халқаро даражадаги ўйини ўтказилади

Умуман олганда, Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги делегациянинг Андижонга қилган ташрифи самарали ва муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шаҳардаги «Боғишамол» меҳмонхонасида у киши билан футболимиз ҳақида бир мунча суҳбатлашиб ўтирдик. Андижондаги «Соғлом авлод» стадионининг замонавий ва янги қиёфага келтирилганлиги ҳам футболимиз раҳбарларини хушнуд этганини сўзларидан билиб олиш қийин эмасди. Айниқса, вилоят ҳокимининг футболга қаратаётган катта эътиборини юксак баҳолади. Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг 23 март санасида Андижондаги «Соғлом авлод» стадионида илк бор терма жамоамиз иштирокидаги халқаро даражадаги ўртоқлик учрашуви ўтказилган бўлиб, унда U-23 Осиё чемпионати ғолиби бўлган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Кения олимпия терма жамоаси иштирокидаги ўйин ўтказилганди ва бу баҳснинг Андижонда ташкиллаштирилиши ҳам бевосита Умид Аҳмаджоновнинг ташаббуси билан амалга оширилганди. Лекин ўтган вақт давомида Андижондаги стадион янада чиройли ва қулай имкониятларга эга бўлди. Шу сабабли бу йил ушбу стадионда терма жамоамиз иштирокидаги яна бир халқаро учрашувнинг ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақида Умид Аҳмаджонов ўзаро мулоқотимиз давомида таъкидлаб ўтди. Шу кунларда Миср терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказилиши борасида келишувга эришилиши кутилмоқда. Мазкур ўйин эса «Соғлом авлод» стадионида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу эса табиийки, ҳудудларда ҳам футболга бўлган қизиқиш ва эътиборни янада кучайтиришига хизмат қилиши турган гап.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!