"Андижон"нинг муҳим ўйин олдидан "Репетиция"си қандай ўтди?
Хабарингиз бор, чемпионатимизда ФИФА кунлари давом этаётгани сабабли маълум вақт танаффус юзага келган. Бу вақт давомида Суперлига иштирокчилар кейинги турга қадар спорт формаларини бир маромда ушлаб туриш учун назорат ўйинларини ташкил қилмоқдалар.
Жумладан, “Андижон” ҳам 23 ноябрь куни ўз майдонида “Динамо”га қарши ўтадиган беллашувдан аввал халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказди. Қирғизистон премьер-лигаси вакили Ошнинг “Олой” клуби спарринг-рақиб вазифасини бажарди.
Ушбу учрашувдан мақсад юқорида таъкидлаганимиздек, футболчиларнинг ўйин амалиётини бир маромда ушлаб туришдан иборат. Бундай жараёнда халқаро ўйинни ташкил этилиши янада қизиқарлироқ кечганини айтиш лозим.
“Андижон” бош мураббийи Александр Хомяков мазкур беллашувнинг иккала бўлимида икки хил таркибни синовдан ўтказди. Рақиб жамоа ёмон таассурот қолдирмади. “Андижон”га қарши баҳсда “Олой” ўзининг энг яхши ўйинини намойиш этишга ҳаракат қилди. Тажрибали “Бургутлар” ҳужум ташкил қилишда фаолроқ бўлиб, рақиб дарвозаси олдида голли имкониятларга эга бўлди. Истеъдодли ҳужумчи Рустам Турдимуродов биринчи бўлимда дублга эришиши мумкин эдию, вазиятларда фойдаланишда бироз омади чопмади. “Андижон” фақатгина биринчи бўлим якунига келиб ўз имкониятидан фойдаланди. Фарҳод Соҳибжоновнинг қанотдан узатган пасини Бектемир Абдуманнонов рақиб дарвозасига жойлаб қўйди.
Танаффусдан кейин “Андижон”да деярли тўлиқ таркиб ўзгарди. Ҳужум қилишда давом этган Хомяков жамоаси 50-дақиқада иккинчи голни киритдилар. Бурчакдан узатилган тўпни жамоа сардори Илдар Маматказин боши билан дарвоза тўрига жойлади. Орадан 9 дақиқа ўтгач, “Олой” ҳисобни қисқартирди.
Ўйиннинг қолган дақиқаларида ҳам яна голга тортадиган имкониятлар бўлди. Лекин қолган дақиқаларда дарвозаларга бошқа тўп киритилмади. Умуман айтганда, ўйин жамоалар учун анча фойдали бўлди. Юқорида таъкидлаганимиздек, “Андижон” 23 ноябрь куни ўз майдонида “Динамо”ни қабул қилади. Бўлажак учрашув олдидан “Олой”га қарши ўтказилган “репетиция” яхши ўтди.
“Андижон” – “Олой” (Қирғизистон) – 2:1 (1:0).
16 ноябрь. Андижон “Бобур арена” стадиони.
Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулло Абдураҳмонов
Захира ҳаками: Жамшид Бакиров
“Андижон”: Игорь Литовка, Ислом Маматказин, Владимир Бубанья, Абдураҳмон Комилов, Илҳом Алижонов, Леван Арвеладзе, Илҳом Абдуғаниев, Дамир Темиров, Бектемир Абдуманнонов, Фарҳод Соҳибжонов, Рустам Турдимуродов.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Илдар Маматказин, Марлен Чобанов, Абдулвоҳид Ғуломов, Любиша Пецель, Фарҳод Бекмуратов, Сардор Азимов, Муҳаммадкарим Тоиров, Абинур Нуримбет, Нуриддин Нуриддинов, Лука Згурский, Моҳир Комилов.
“Олой”: Михаил Пономаренко, Олтинбек Уулу Дуйшонали, Эрлан Маширапов, Нурболот Ирисбеков, Келдибек Талантбек Уулу, Габил Нурахмедов, Нурдолот Сталбеков, Бахтияр Келдибеков, Сарвар Аблаев, Қудрет Искандарбеков, Муродхўжа Жабборов.
Голлар: Бектемир Абдуманнонов, 45 – 1:0. Илдар Маматказин, 50 – 2:0. Муродхўжа Жабборов, 59 – 2:1.
Огоҳлантиришлар: Фарҳод Соҳибжонов, 45+2. Любиша Пецель, 62. Сардор Азимов, 71. Марлен Чобанов, 90+1, Абдулвоҳид Ғуломов, 90+4 – Олтинбек Уулу Дийшонали, 5.
Четлатиш: Сардор Азимов, 71.
Фикрлар