"Андижон"нинг "Сўғдиёна"га қарши ўйини олдидан статистик рақамлар қандай?

Бугун Суперлиганинг 9-тур баҳсларига старт берилади. Эртага эса “Андижон” жамоаси Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида Жиззахнинг “Сўғдиёна”сини қабул қилади.

"Бургутлар"нинг рақиби ҳисобланмиш – “Сўғдиёна” 7 та турдан кейин 1 ғалаба, 2 дуранг ва 4 мағлубият қайд этиб, 5 очко билан турнир жадвалида 11-поғонада бормоқда. Ёдингизда бўлса, “Сўғдиёна” Ёрқин Назаров бошчилигида чемпионатга киришди. 4-турда Наманганда “Навбаҳор”га 3:0 ҳисобида имконият бой берилгач, Назаров истеъфога чиқарилди ва ўрнига “Бунёдкор”нинг собиқ бош мураббийи Иван Бошкович тайинланди.

Бевосита “Андижон” ва “Сўғдиёна” клублари ўртасидаги ўзаро учрашувлар тарихига тўхталадиган бўлсак, эртанги баҳс жамоаларнинг 45-тўқнашувига айланади. Бунгача бўлиб ўтган 44 та баҳснинг 16 тасида “Андижон” ғалаба қозонган. “Сўғдиёна” эса 17 та учрашувда устунликка эришган. Яна 11 та ўйинда кучлар тенг келиб қолган. Тўплар нисбати 62\63 жиззахликлар фойдасига. Кўриб турганингиздек, статистик рақамлар бўйича имкониятлар деярли тенг.

Жамоалар сўнгги марта 2021 йилги мавсумда куч синашишган. Биринчи даврада Жиззахда мезбонлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган, Андижонда эса ҳисоб очилмаган – 0:0. “Андижон” “Сўғдиёна”ни сўнгги бор 2016 йилги чемпионатда мағлуб этган. 23 апрель санасида Андижонда ўтказилган баҳсда йирик 3:0 ҳисоби қайд этилган.

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!