"Андижон"нинг супер ғалабасидан қизиқарли фактлар
Суперлиганинг 7-тури ортда қолди. Сўнгги тур доирасида Фарғонада ўтказилган ўйин ҳақида қизиқарли фактларни тақдим қиламиз.
1) "Андижон" 5 ўйинлик танаффусдан кейин уй учрашувида ғалаба қозонди. Сўнгги бор (2021 йилнинг сентябрь ойи) "Пахтакор" "бургутлар" майдонидан боши эгик ҳолда ортга қайтган. Ўша ўйин тақдирини Фарҳод Соҳибжонов томонидан урилган гол ҳал қилган эди.
2) "Андижон" 11 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон чемпионатининг 1 ўйинида 5та тўп киритди. Бунақаси сўнгги бор 2012 йилнинг августида содир бўлган. Ўшанда "бургутлар" "Қизилқум"ни 5:1 ҳисобида енгишган эди.
3) "Металлург" 5 йиллик танаффусдан кейин Суперлигада 5та гол ўтказиб юборди. Бунақа воқеа охирги бор 2018 йилнинг апрель ойида юз берган бўлиб, ўшанда Бекобод клуби Арвеладзе бошчилигидаги "Пахтакор" томонидан "саваланган" эди.
4) Рубин Хебай Суперлиганинг жорий мавсумида хет-трикка эришган 2-футболчига айланди. Энг қизиғи, учталик гол пакетининг биринчиси ҳам "Металлург" дарвозасига "Пахтакор" етакчиси Драган Черан томонидан урилган эди.
5) "Металлург" ортда қолган 7 турдан кейин мудофаа чизиғи энг заиф жамоа бўлиб турибди. Бекободликлар мавсум аввалидан бери 16та тўп ўтказиб юборишган.
6) "Андижон"нинг йирик ғалабасини 1051 нафар мухлис стадиондан томоша қилди. Бу ишқибозлар оқими бўйича "бургутлар"нинг Суперлигадаги уй ўйинларида карантин пайтидан бери қайд этилган энг ёмон натижа ҳисобланади. Албатта, бунинг бош сабаби жамоа меҳмонларини "Истиқлол" (Фарғона) ўйингоҳида қабул қилаётганидир.
7) Александр Хомяков шогирдлари 8 йиллик танаффусдан кейин "Металлург"ни уй ўйинида мағлуб қилишди. Бунақаси охирги бор 2015 йилги мавсумнинг 2-даврасида содир бўлган эди.
Маълумот учун, "Металлург" чемпионатдаги кейинги ўйинини 4 май куни "Бухоро"га қарши ўтказади. "Андижон" эса бир кундан кейин "Сўғдиёна"ни қабул қилиши керак.
Фикрлар