
Андрей Аршавин кузатган баҳсда "Андижон" дуранг ўйнади
“Андижон” клуби Анталия йиғинидаги охирги ўртоқлик учрашувини Россиянинг “Зенит”-2 жамоасига қарши ўтказди.
Анталиядаги SB аренасида бўлиб ўтган учрашув анча қизиқарли ва ҳужумларга бой тарзда ўтди. "Андижон" ўйин мобайнида кўплаб хавфли вазиятларни яратди ҳамда рақиб дарвозаси олдида голга тортадиган имкониятларга эга бўлди. Айтиш лозимки, ўйин суръати жуда яхши кечди ва футболчилар анча барқарор ўйин кўрсатдилар.
Ҳужумларнинг бирида Муҳаммадкарим Тоировнинг пасидан сўнг Бектемир Абдуманнонов ўз қанотидан катта тезликда олдинга ўтиб, ҳимоячиларни ортда қолдирди ва “Зенит”-2 посбони билан бирга-бир вазиятда усталик билан тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди.
Биринчи бўлимда "Бургутлар" рақибни мураккаб вазиятларга солиб қўйди. Айниқса, Усмонали Исмоналиев бир неча бор ўзининг хавфли зарбалари билан дарвозабонга муаммолар туғдирди. Баъзида россиялик посбон, баъзида эса дарвоза устуни уларга ёрдам берди. Шу билан бирга "Андижон" дарвозабонлари - Валижон Раҳимов биринчи бўлимда ва Элдор Адҳамов иккинчи бўлимда сейвларини намойиш қилиб, ўз тажрибаларини намойиш қилдилар.
“Зенит”-2 футболчиси Максим Хохлов учрашув охирларига яқин ўзи учун яратилган имкониятдан фойдаланиб ҳисобни тенглаштирди. Албатта, иккинчи бўлимда ҳам андижонликларда яна голли вазиятлар юз берди. Фақат омад кулиб боқмади. Масалан, Фарҳод Соҳибжоновнинг хавфли зарбасини дарвозабон аранг қайтариб юборди. Баҳс эса 1:1 ҳисобида якун топди.
Шунингдек, Россия футболининг афсоналаридан бири, “Зенит” клубининг собиқ юлдузи Андрей Аршавин учрашувни бевосита стадионда кузатиб борди. У ҳозирда “Зенит” клуби бошқарув раисининг спортни ривожлантириш бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Шу билан бирга Аршавин “Зенит” академияси ва “Зенит”-2 жамоаси билан ҳам яқиндан ишлаб келмоқда.
Фикрлар