Андрей Канчельскис "Бунёдкор"да қолиб кетган алами ва 2-даврада таркиб кучайтирилиши борасидаги саволга жавоб берди

Coca Cola Суперлига 7-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Андрей Канчельскис иштирок этиб, ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Учрашув жуда қийин кечди. “Сўғдиёна”нинг биздан бир кун кўпроқ дам олгани ҳам ўз сўзини айтди. Футболда эса майда нарсалар бўлмайди.

Йигитларга майдонда ўзгача иштиёқ ва жонкуярлик билан ўйнаганликлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Кейинги баҳсларда ҳам шогирдларимнинг шундай иштиёқ билан тўп суришларини тилаб қоламан.

Кейинги турда жиддий рақиб бўлган “Бунёдкор”га қарши ўйнаймиз. Мазкур жамоа таркибида яхши футболчилар ўйнайди. Ўтган йилги мавсумда “Бунёдкор” жамоамизни икки марта мағлубиятга учратганди. Шу боис, бўлажак баҳсга бугундан бошлаб, жиддий тарзда тайёргарлик кўрамиз.

Футбол олдиндан башорат қилиш қийин бўлган ўйин. “Сўғдиёна” устози Улуғбек Бақоевнинг жамоамиз ҳақидаги илиқ фикрлари учун раҳмат. Бақоев ҳам футболчилик даврида яхши ўйнаган ва маҳоратли мураббий. Аммо майдонда биз эмас, футболчилар ўйнайди. Агар уларни ўйинларга тўғри йўналтира олсак, барчаси яхши бўлади.

Йигитлар рестартдан кейинги иштиёқ, жумладан, кейинги баҳсларда ҳам бугунгидек тўп сурадиган бўлишса, жамоамиз мавсум якунида ижобий натижани қайд этишга қодир бўлади.

Ўзингизга маълум, футбол 90 дақиқа ўйналади. Мабодо, футбол ўйини 45 дақиқа давом этганида, барча жамоалар, шу жумладан, биз ҳам 45 дақиқага тайёргарлик кўрардик. Ҳозир эса 90 дақиқага тайёрланяпмиз. Ҳа, биринчи бўлимда, рақибда кўпроқ имкониятлар бўлди. Меҳмонлар югуришди, тўп учун кураш олиб боришди. Футболчилар кўп куч сарфласа, хатоларга йўл қўйишни бошлашади.

Иккинчи бўлимда шогирдларим ҳужумкорликни кучайтириб, 2та гол уришга муваффақ бўлишди. Умуман олганда, қайси дақиқада гол уришнинг фарқи йўқ. Асосийси тўп киритилди ва жамоамиз 3 очкони қўлга киритди. Асосийси, шу.

Иккинчи давра олдидан таркиб кучайтириладими? Ўша пайтга етиб олайлик, кейин кўрамиз. Ҳозирча таркибдаги йигитлар билан ўйнаймиз. Ҳар куни пандемия туфайли янги хабарлар чиқмоқда. Жамоамиз таркибида ҳали ўз қобилиятини тўлиқ намоён этмаган футболчилар бор. Уларга имконият берайлик, кейин кўрамиз.

Сўзим якунида Халқаро спорт журналистлари байрами билан барчангизни табриклайман ва ижодий баркамоллик тилайман, - деди Андрей Канчельскис.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!