Андрей Канчельскис

Суперлиганинг 24-туридан ўрин олган «Бунёдкор» - «Навбаҳор» (2:1) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида меҳмонлар устози Андрей Канчелскис ОАВ ходимларининг саволларига жавоб қайтарди.

"Ютқаздик, «Бунёдкор»ни ғалаба билан табриклайман! Афсуски, биринчи даврада бўлган ўзаро учрашувдаги каби чиройли ўйин кўрсата олмадик. Ютқаздик, ютқаздик, нима ҳам қила олардик. Келаси тур «Локомотив» билан ўйнаймиз, мазкур беллашувга тайёргарлик кўрамиз.

Бизга нима етишмаяпти? Футболчилар. Мен жамоадан кетганимда турнир жадвалида учинчи ўринда эдик, қайтганимда жамоа олтинчи поғонага тушиб қолганди. Бундан ташқари, керакли футболчилар жамоани тарк этган, айримлари жароҳат олганди. Шу тариқа таркибни кучайтирадиган ўйинчига эҳтиёж сездик. Ҳозир таркибда бўлган ўйинчиларга раҳмат айтаман! Бор имкониятларини ишга солишяпти, қўлдан келганча ҳаракат қилишяпти. Қаердадир тажриба, омад етишмаяпти. Нима ҳам қила олардик. Бу ҳаёт! Аввалги таркибимиз бўлганида ўйинимиз умуман бошқача бўларди", - деб россиялик мутахассиснинг сўзларини келтириб ўтди клуб матбуот хизмати.