Андрей Канчельскис: ЎФАдагилар нима қилмоқчи эканликларини тушунмаяпман
Бугун Суперлига 1-туридан ўрин олган "Навбаҳор" - "Қўқон-1912" учрашуви бўлиб ўтди. Беллашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Ўйиндан сўнг ҳар икки жамоа бош мураббийлари ўртасида матбуот анжумани ташкил этилди. "Навбаҳор" мураббийи қуйидаги фикрларни билдириб ўтди. Бу ҳақда tribuna.uz сайти хабар берди.
- Мавсум аввалида ҳеч ким ютқазишни хоҳламайди, шу боис беллашув кескин ўтди. Натижадан қониқдим десам бўлади. Бугун стадионимиз тайёр эмаслиги сабабли ўйинни Тошкентга кўчирдик. Биз расман мезбон эдик, лекин тезроқ Наманганда ўйнашни бошласак, яхши бўларди.
Мавсум бошланишини интизорлик билан кутдик. Ўзингиз кўрдингиз, ҳар хил ўзгаришлар қилишди. Тўғриси, улар нима қилмоқчи бўлишаётганини умуман тушунмаяпман. Энди 2-турни яна 20 кундан кейин ўйнаймиз. Юқорида айтганимдек, ЎФАдагилар нима қилмоқчи эканликларини тушунмаяпман. Бундай ғалати ҳолатга биринчи марта тўқнаш келяпман ва бу менга эриш туюлмоқда. Лекин нима ҳам дердим, Ўзбекистонда яшаяпмизми, демак сизнинг қонунларингиз билан яшаймиз.
Мухлислар шунча йўл босиб бизни қўллагани келишгани учун раҳмат. Ўзим ҳам довон ошиб кўрдим ва бунча йўлни босиб ўтиш осон эмас. Намангандаги ўйинларда бизга анча осон бўлади деб ўйлайман. Мақсадимиз? Мақсадларимиз катта, лекин бизда ҳали стадион йўқ. Бундай мақсадлар учун шароит керак. Биз оддий шуғулланадиган стадионимиз бўлмай туриб қанақасига футболчидан натижа талаб қила оламиз? Ўзингиз ўйланг, ям-яшил майдонда футбол ўйнаш қандай, қумда ўйнаш қандай? Фарқ катта, шундайми?
Футбол федерацияси талаблар қўйишни қойиллатмоқда: галстук тақ, бейжик тақ, ўйинга маълум вақтда кел, лекин майдон йўқ! Шудгорда футбол ўйнаяпмиз. Бу тўғри эмас деб ўйлайман. Шундай бўлса-да, биз камида ўтган мавсумдаги натижамизни такрорлашимиз керак, - деди мураббий.
Фикрлар