Андрей Микляев: Жамоамизга сафар ўйинларида оғир бўлмоқда

“Навбаҳор” ва “Локомотив” жамоалари ўртасидаги учрашув якунлангач ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Локомотив” жамоаси бош мураббийи Андрей Микляев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди:

- Бугун жанговор ва қизиқарли ўйин бўлди. 90 дақиқа давомида майдонда муросасиз кураш кечганлиги мухлисларга ёқди деб ўйлайман. Майдондаги курашлар сони анча кўп бўлди. Ўйлашимча учрашувда икки очко йўқотдик. Негаки, ҳисобда олдинда бораётиб иккинчи бўлим бошида хатога йўл қўйиб дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Танаффусдан кейин тўпни назорат қилиш борасида устунликка эга бўла туриб, гол уришни уддасидан чиқа олмадик. Йигитларимиз ирода кўрсатиб, яхши ўйин кўрсатишди ва охиригача курашишди деб ҳисоблайман.

Наманганда мухлислар билан тўла ўйингоҳда ўйнаш ҳар қандай жамоа учун осон бўлмайди. Уч очкони қўлга кирита олмаганимиздан бироз афсусландик. Лекин, асосийси олдинга интилишда давом этмоқдамиз. Яхши ўйин учун футболчиларимизга раҳмат айтаман. Бу йилги чемпионатимиз анча қизиқарли тарзда кечмоқда.

Ўйинларни қандай ўтишини олдиндан айтиш анча мушкул бўлмоқда. Бизга қарши учрашувлар айнан шундай жанговор тарзда кечмоқда. Негаки, барча жамоалар пешқадамга қарши баҳсга жиддий тарзда тайёргарлик кўришмоқда. Мухлислар “Локомотив” иштирокидаги учрашувларни томоша қилиш учун ўйингоҳларга келишмоқда. Шу сабабли жамоамизга сафар ўйинларида оғир бўлмоқда. Биз бу ҳолатга кўникиб бормоқдамиз ва йигитларда доим шундай бўлишини уқтирмоқдамиз. Бир сўз билан айтганда чемпионатимиз савияси ўсмоқда.

Шу ўринда “Навбаҳор” футбол клуби раҳбариятидан ўйингоҳ майдонини яхшилашга эътибор қаратишларини сўрардим. Савия ва ўйин сифатини ошириш учун майдон ҳолати ҳам шунга мос бўлмоғи лозим. Шу пайтга қадар кўрган майдонларимиз орасида энг ёмони айнан Наманганда эканлигини айтишим мумкин. Майдон сифатини янада яхши бўлишини истардим. Бу орқали “Навбаҳор” жамоаси ва Наманганда меҳмон бўладиган жамоанинг ўйин сифати ва савия янада ортади деб ўйлайман,- дея клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!