Андрей Шипилов: Ўз уйимизда анчадан буён ғалаба қозона олмаётгандик. Охирги марта “Навбаҳор”ни ютгандик
Суперлига 24-турида "Металлург" ўз майдонида "Динамо"ни 5:0 ҳисобида тор-мор этди. Беллашувдан сўнг мезбонлар устози Андрей Шипилов учрашув борасида ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- ФИФА кунлари муносабати билан юзага келган танаффус футболчиларнинг ҳолатига таъсир қилишидан чўчигандик. Ҳужум чизиғимизда ўйинимиз қовушмади. Биринчи бўлимда шубҳамиз тўғри чиқди. Меҳмонлар эса жуда ақлли ҳимояланишди. Танаффусда шогирдларимдан тўпни ушлаб турмасдан, тезроқ олдинги чизиққа етказиб беришларини сўрадим. Ўйинчиларни ҳам тўғри алмаштирдик деб ўйлайман. Тошқўзиев ҳамда Абдуллаевнинг майдонга туширилиши ўйин тақдирини ҳал этди. Ҳар иккаласи гол уришди ва киритилган голларда бевосита иштирок этишди. Ўз уйимизда анчадан буён ғалаба қозона олмай келаётгандик. Асосан сафар учрашувларида очко жамғардик. Охирги марта уйда “Навбаҳор”ни ютган эдик. Бугун футболчилар ўйлайманки, сермаҳсуллик ва чиройли комбинациялар билан мухлисларимизни хурсанд этишди.
Олдинда иккита қийин ўйин турибди. Бугунги ғалаба футболчиларимизнинг руҳиятига кўтаринкилик бағишлайди деб умид қиламан. Мавсумни юқори тонда якунлашни хохлаймиз. “Жўжани кузда санайди” деб бежиз айтишмаган. Айни пайтда барча жамоалар қимматли очколар “изига тушишган”. Бугунги ғалаба билан шогирдларимни, мухлисларимизни табриклайман. “Динамо”га эса кейинги ўйинларда муваффақият тилайман, - деди мураббий.
Фикрлар