Асосий мазмунга ўтиш

Футбол

Шомуродов яна гол урди! Туркияда тўпурарлар пойгаси “ёняпти”!

Вазият жуда тез ўзгармоқда

Туркия Суперлигасининг ўнинчи турига келиб, тўпурар пойгаси авжига чиқди. Бу турда “Олтин бутса” рейтингида жиддий ўзгаришлар рўй берди.

Қизиғи шундаки, турк лигасида энг кўп гол ураётган футболчиларнинг барчаси Европа топ-лигаларида маҳорат оширган юлдузлардир. Маҳаллий чарм тўп усталари гол уриш бобида улар билан рақобатлаша олмаяпти.

Суперлиганинг энг қиммат ўйинчиси Виктор Осимхен ўз номини оқлаб, тўпурарлар пойгасида етакчига айланди. Ўнинчи турда нигериялик тўпурар “Коньяспор” дарвозасини ишғол қилиб, “Галатасарой” ғалабасига ҳисса қўшди ва голлари сонини 9 тага етказди.

Лига дебютанти – “Амед”нинг иккинчи ўринда боришига хизмат қилаётган яна бир нигериялик форвард Гифт Орбан бу турда ҳам тўп киритиб, голлари сони бўйича ҳамюрти Виктор Осимхенга етиб олди.

Бу тургача тўпурар орасида пешқадамлик қилган Муҳаммад Салоҳ “Трабзонспор” таркибида “Газиантеп”га қарши тўлиқ ҳаракат қилди. Бироқ мисрлик юлдуз майдонни голсиз тарк этди ва киритган тўплари саккизталигича турибди.

Ўтган мавсум тўпурари Элдор Шомуродов ўнинчи турга келиб яна порлади. Ўзбек ҳужумчиси “Самсунспор” билан баҳснинг ўнинчи дақиқасидаёқ ҳисобни очди. Бу учрашувда Нури Шахин шогирдлари 5:2 ҳисобида зафар қучди ва мусобақа жадвалида кўтарилди. "Башакшеҳир"нинг охирги голини захирадан майдонга тушган Аббосбек Файзуллаев киритди. Бу ўзбек футболчисининг саккизинчи учрашувдаги биринчи голи бўлди.

Шомуродов эса, чемпионатдаги голлари сонини саккизтага етказиб, умумий рейтингда Муҳаммад Салоҳ билан иккинчи ўринни бўлишиб турибди. Ҳар икки футболчи тўпурарлар пойгасида нигериялик пешқадамларни таъқиб қилишда давом этмоқда.

“Олтин бутса” учун курашаётган машҳур ҳужумчи Ведат Мурикининг голлари еттиталигича қолди. “Фенербаҳче” ўз майдонида кутилмаганда “Гёзтепе”га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Косоволик футболчи 83-дақиқада ўйинга қўшилди, бироқ самарали ҳаракатни амалга ошира олгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов Туркия чемпионатининг амалдаги тўпурари ҳисобланади. Ҳамюртимиз ўтган мавсумда 34 та учрашувда рақиблар дарвозасини 22 маротаба ишғол қилиб, нигериялик форвард Пол Онуачу билан бирга Суперлига тўпурари совринига сазовор бўлган эди.

Умуман олганда, 21 ёшли легионеримиз “Башакшеҳир”га ўтганидан бери барча мусобақаларда 56 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 31 та гол ва 7 та ассист расмийлаштирган.   

Гол урган Шомуродов ва Файзуллаев ўйинига неччи балл берилди?

Гол уришига бир баҳя қолган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?

Шомуродовни алмаштириш "Башакшеҳир"га қимматга тушди

Ҳусановни эксперимент қилишни тўхтатинг!

Улашиш
SPORTS.uz'ни Youtube'да томоша қилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ