Англия чемпиони Файзуллаевга нарх белгилади
Футболчилик даврида “Манчестер Юнайтед” жамоаси сафида икки марта Англия чемпионлиги, “Рейнжерс” таркибида ҳам икки маротаба Шотландия чемпионати ғолиблигини қўлга киритган россиялик Андрей Канчельскис айни пайтда тажрибали мутахассис сифатида футболга оид вазиятларни таҳлил қилиб келмоқда.
Бош мураббий сифатида икки марта “Навбаҳор”ни бошлаган Андрей Канчельскис ўзбек футболини яқиндан билади. Шу боис, Россия футболидаги мутахассислар, мураббийлар, журналистлар ўзбекистонликлар ҳақида гап кетганида айнан унга кўп мурожаат қилишади.
Канчельскис metaratings.ru сайтига берган интервьюсида Россия Премьер-лигасининг биринчи даврасида энг яхши ўйин кўрсатган икки футболчи номини тилга олди. Улардан бири – Аббосбек Файзуллаев.
- Россия Премьер-лигасининг биринчи даврасида ким мени ҳайратга солди? “Динамо”даги Константин Тюкавин яхши ўйнади. Аббосбек Файзуллаев келди ва ЦСКАда яхши ўйин намойиш қилмоқда. Иакрор бўла ҳам айтаман, мен уни “Локомотив”га тавсия қилгандим. Эплай олишмади, бу уларнинг муаммоси.
Шунлай қилиб, фақат мана шу икки ўйинчини ажратиб кўрсата оламан. Энг муҳими, улар чемпионатнинг иккинчи ярмида ҳам, келаси мавсум ҳам шундай фаол ўйин кўрсатиши керак.
Аббосбек Файзуллаев алоҳида тилга олиш шарт. У яхши даражадаги ўйинчи. Барқарор ўйнаяпти ва маҳорат кўрсатяпти.
Агар Файзуллаевни қишда трансфер қилмоқчи бўлганлар чиқса, ЦСКА уни қанчага сотиб юбориши кераклигини билмайман. “Армиячилар” уни имкон қадар қимматроқ – 10 миллион евродан баланд нархга трансфер қилиб, пул ишлаб олиши тарафдориман.
Аббос бу суммага лойиқми? Ҳозир жаҳон футболида бу муҳим эмас. Ўйинчиларга 100 миллионлаб сарфланяпти. Шундан келиб чиқиб, Файзуллаев учун 3-5 миллион евродан ортиғи яхши нарх ҳисобланади.
Бу орқали ЦСКА пул ишлаб олади, Файзуллаев эса, янги босқич ва янада юқори даражага кўтарилади, – деди Андрей Канчельскис.
“Пахтакор” табияланувчиси бўлган Аббосбек Файзуллаев август ойининг бошида ЦСКАга трансфер қилинган эди. Тошкент клуби бу трансфер учун 500 минг евро бадал пули олди.
20 ёшли ҳужумкор футболчи қисқа вақт ичида ўз салоҳиятини намойиш қила олди. Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубогида жами ўн тўрт маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини бир марта ишғол қилди ҳамда жамоадошларига олтита голли пас узатди.
Файзуллаев самарали ўйини туфайли ЦСКАнинг сентябрь ва октябрь ойларидаги энг яхши футболчиси, деб эътироф этилди. Яна учта учрашувда энг яхши ўйинчи бўлди.
Россия футболининг аксарияти вакиллари ўзбек легионерини чемпионатнинг биринчи даврасида асосий кашфиёт бўлганини таъкидламоқда.
Фикрлар