Шомуродов энг охирида, Ҳусанов эса йўқ!
Трансферларга ихтисослашган Transfermarkt портали кучли бешлик лигалари – Англия, Италия, Испания, Франция ва Германия чемпионатларида ўйнаётган собиқ иттифоқ ҳудудидан етишиб чиққан футболчилар рейтингини эълон қилди.
Нуфузли портал экспертлари бу галги рейтингни 2023-2024 йилги мавсумда футболчиларнинг “гол+пас” тизими бўйича қайд этган натижаларига қараб шакллантирди.
Унга кўра, бугунги кунда энг яхши натижани Испания чемпионатида кўпчиликни ҳайратга солиб, юқори ўринлар учун курашаётган “Жирона” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Артём Довбик кўрсатмоқда. Украиналик ҳужумчи ҳозирча 13 та учрашувда майдонга тушиб, олтита гол ва бешта ассист муаллифи бўлди ва “гол+пас” тизимида 13 очко жамғарди.
“Наполи”нинг чемпионлигига катта ҳисса қўшган Хвича Кварацхелия бу гал ўтган мавсумчалик самарали ўйнай олмаётган бўлса-да, натижалари қолганларникидан анча яхши. Грузиялик ҳужумкор футболчи ўн битта учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига учта гол ва бешта голли пас ёздириб қўйди.
Россия вакили Александр Головин кучли учликни якунлаб турибди. “Монако” етакчисига айланган ярим ҳимоячи тўққизта ўйинда 7 балл тўплаган. Головин мавсум бошланганидан бери бешта гол уриб, иккита самарали тўп оширди.
Кучли ўнликдан ўрин олган футболчилар рўйхати қуйидагича кўриниш олди:
- Артём Довбик (“Жирон”, 6+5, 13 та учрашув).
- Хвича Кварацхелия (“Наполи”, 3+5, 11 та учрашув).
- Александр Головин (“Монако”, 5+2, 10 та учрашув).
- Генрик Мхитарян (“Интер”, 2+3, 14 та учрашув).
- Жорж Микаутадзе (“Метц”, 2+1, 3 та учрашув).
- Виктор Циганков (“Жирона”, 2+1, 11 та учрашув).
- Михаил Мудрик (“Челси”, 2+0 9 та учрашув).
- Далер Кузяев (“Гавр”, 2+0, 10 та учрашув).
- Грант-Леон Ранос (“Боруссия” Мёнхенгладбах, 1+1, 3 та учрашув).
- Саркис Адамян (“Кёльн”, 1+1, 6 та учрашув).
Умуман олганда, кучли бешлик лигаларида ўйнаётган собиқ иттифоқ ҳудудидан чиққан футболчиларнинг сони бундан кўп. Рейтингга фақатгина гол ёрган ёки голли пас узатган ўйинчиларгина киритилди.
Юқорида келтирилган кучли ўнликдан ташқари яна уч нафар футболчи умумий рейтингдан ўрин олган.
Кўриниб турибдики, жорий мавсумда 11 та учрашгуувла қатнашиб, атиги битта голли пас узатган “Кальяри” ҳужумчиси Элдор Шомуродов сўнгги – 13 поғонада қайд этилган.
Кучли бешлик чемпионатларидаги иккинчи вакилимиз – Абдуқодир Ҳусанов эса, ҳали самарали ҳаракатларни амалга оширмагани учун рейтингга киритилмади. “Ланс” аъзоси ҳисобланган 19 ёшли марказий ҳимоячимиз мавсум давомида атиги икки марта майдонга тушди.
“Мец” ва “Лилль” жамоаларига қарши бошланғич таркибда тўп тепган истеъдодли футболчимизнинг ўйини мухлису мутахассисларга манзур келган бўлса-да, лансликлар бош мураббийи Франк Хейз қолган учрашувларда Ҳусановни захирада олиб қолмоқда.
Фикрлар