Англия клуби “Реал” юлдузи билан музокара бошлади
“Тоттенхэм” ёзги трансферлар ойнаси даврида таркибида жиддий ўзгаришларни амалга оширишга қарор қилди. Хусусан, клуб раҳбарияти ҳимоя чизиғини мустаҳкамлайди.
Лондонликлар ана шу мақсадда Мадриднинг “Реал” жамоасидан кетиши кутилаётган германиялик машҳур марказий ҳимоячи Антонио Рюдигерни жамоага қўшиб олиш бўйича ҳаракатларни бошлади.
Англия клуби тажрибали футболчи билан келаси ёзда шартнома имзоламоқчи бўлаётганини TEAMtalk нашри ҳам тасдиқлади.
Манба маълумотига кўра, “Тоттенхэм” мутасаддилари амалдаги шартномаси якунланаётган Рюдигерни “Реал” билан ҳамкорликни узайтирмасликка ҳозирдан кўндириб қўймоқчи ва мавсум якунланганидан кейин уни эркин агент мақомида бепул қўлга киритмоқчи.
Рюдигернинг ўзи ҳозирча келажаги бўйича якуний қарор қабул қилишга шошилмаяпти, аммо у яна Англияда ўйнаш вариантига мойиллик билдираётгани айтилмоқда. Чунки аввалроқ, Антониога “Вест Хэм” ва “Кристал Пэлас” дан ҳам чорлов бўлган эди.
Шунингдек, ҳимоячида фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириш имконияти ҳам бор, у ерда унга катта молиявий таклифлар берилмоқда.
Фикрлар