Анвар Бердиев: "Дурангни ғалабага тенг деб бўлмайди, футболчиларим бундан кўпига қодир"

TIGGO 2 PRO

Қўқонда бўлиб ўтган “Қўқон-1912” ҳамда “Шўртан” жамоалари ўртасидаги беллашувда дарвозалар дахлсиз қолди – 0:0.

Бу орқали ғузорликлар чемпионатдаги илк очкосини қўлга киритди. Бунгача бўлиб ўтган иккита учрашувда “Шўртан” имкониятни бой берганди.

Қўқондаги учрашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Анвар Бердиев матбуот анжуманида айрим саволларга жавоб берди.

- Авваламбор, Ўзбекистон халқини кириб келаётган Рамазон ҳайит байрами билан табриклайман. Жанговар ўйин бўлди. “Қўқон-1912” жамоасига қарши учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик. Иккала ўтказган ўйинини кузатиб шунга амин бўлдикки, жамоа ғалаба учун курашиб, иккала учрашувда ҳам иккита ҳужумчи билан ҳаракат қилди. Бугун шу нарсага тайёргарлик кўрдик. Ўйлайманки, адолатли натижа бўлди.

- “Шўртан” жамоаси иккита учрашувда ютқазганди ва бугун дуранг ўйнади. Буни ғалабага тенглаштирса бўладими?

- Савол учун раҳмат. Йўқ, дурангни ғалабага тенг деб бўлмайди. Футболчиларим бундан ҳам кўпига қодир. Эътибор берган бўлсангиз, таркибимизда барчаси ёш футболчилар. Улар турдан-турга ўз ўйинини топиб, кучайиб боришади, деб ўйлайман. Дуранг учун бир очко берилади. Ғалаба бўлганида уч очко олган бўлардик.

- Сиз ҳам ҳужумчи бўлгансиз. Сизлар ўйнаган пайтда ҳар бир клубда тўпурар ҳужумчилар бўлган. Ҳозирги пайтда ўзбек футболида тактика ўзгариб кетганми ёки ҳужумчиларни савияси тушиб кетганми?

- Ўринли савол бердингиз. Эътибор берган бўлсангиз, миллий чемпионатимизда охирги йилларда тўпурарлар легионер ҳужумчилар бўляпти. Ўйлаб қарасак бу Ўзбекистон фуболи учун ачинарли ҳолат. Аммо юртимизда иқтидорли футболчилар бор. Ўйлайманки, келажакда албатта Солиев, Исоқов, Холмуродов, Ҳамидуллаев каби ҳужумчилар яна етишиб чиқади, Худо хоҳласа.

- Кейинги турда “Шўртан”ни “Насаф”, сўнг "Навбаҳор"га қарши оғир учрашувллар кутиб турибди. Ёш йигитларни бўлажак баҳсга қандай тайёрлайсиз?

- Ҳар бир ўйинга астойдил тайёргарлик кўрамиз. Чунки вазифамиз ҳар битта беллашувда фақат ғалаба учун тўп суриш. Суперлигада ўткинчи ўйинни ўзи йўқ. Бугун ҳам бир очкони қўлга киритиш учун футболчилар катта меҳнат қилишди. Уларга озгина дам бериб, Ҳайит байрамидан кейин “Насаф” ва “Навбаҳор”га қарши ўйинларга тайёргарликни бошлаймиз. Барибир чемпионатда ҳамма билан ўйнашимиз керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!