Анвар Бердиев: "Легионерлар клуби учун жонини бериб ўйнаши жуда қийин"

Про лиганинг 18-турида воҳа дербиси доирасида “Машъал” ҳамда “Шўртан” учрашуви бўлиб ўтди. Унда муборакликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозондилар. Ўйиндан сўнг “Шўртан” бош мураббийи Анвар Бердиев саволларга жавоб берди.

- Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Жамоамиз мағлуб бўлди. “Машъал”ни ғалаба билан табриклайман. Футболчиларимиз бу учрашувда қандайдир ишончсиз ҳаракат қилдилар. Буни албатта кўриб чиқиб, таҳлил қиламиз.

- Биринчи даврада “Шўртан” “Машъал”га қарши ўйинда камбэк қилиб, ғалаба қозонганди. Ўша “Шўртан” билан бугунги “Шўртан”ни фарқи борми?

- Фарқи йўқ. Лекин ўйинда фарқ бўлади. Ҳар бир ўйин битта тарих. Ўйин ўйинга ўхшамайди. Асосан футболчиларни учрашувга тайёргарлиги, “настрой” кўп нарсани ҳал қилади. Бугун ўйинчиларимда озгина шу нарса етишмади.

- Легионерларга эхтиёж сезасизми?

- Тўғриси, ўзбекистонлик футболчиларга катта ишонч билдираман. Ўзимизни йигитларга ёрдам бериб, катта футболга қадам қўйишларига кўмаклашиб, шу жараёндан ўтказсак бу биз учун катта плюс. Хоҳлаймизми-йўқми, легионерлар билаш ишлаш қийинроқ. Мен асосан ўзбекистонлик футболчиларга ишонч билдираман.

- Қийинчилик томони моддий жиҳатданми ёки тил масаласидами?

- Тил масаласи бўйича, кейин ўзимиз ҳам ўйнаб юрган пайтимизда ўз кўзим билан кўрганман, легионерларни клуби учун жонини бериб ўйнаши жуда қийин. Бундай легионерлар камдан-кам учрайди.

- Про лигада “Шўртан” гол ўтказиб юбориш бўйича учинчи ўринда. Ёзда ҳимоядаги камчиликларни бартараф этиш бўйича иш олиб борилганми?

- Албатта, давралар оралиғида ҳимоячиларимизга кўпроқ эътибор қаратдик. Ўйинларда улар хушёрликни йўқотмасликлари керак. Машғулотларда уларга ўргатганингиз билан футболчи буни майдонда бажара олмаса жамоага қийинчилик туғдиради. Ҳакам хуштагини чалганидан кейин футболчи дарҳол ўйинга қўшилиши керак. Агар хушёрлигини йўқотса рақиб жамоа томонидан жазоланади.

- Бугун про лигада биринчи марта ВАР ишлади. Бу ҳақида фикрингиз?

- Албатта, ВАРни бўлгани яхши. Барибир про лигани ўйинчилари ҳам бу нарсага ўрганиши керак. Эхтиёткорлик билан ҳаракат қилади, майдонда бир-бирини кўпроқ ҳурмат қилишади. Суперлигада ҳар бир футболчи қилаётган ҳаракатини назорат остига олади. Доим ВАР томонидаман.

- “Шўртан” “Машъал”дан 7 очкога ортда қоляпти. Нима деб ўйлайсиз, 1- ва 2-ўрин масаласи ҳал бўлдими?

- Йўқ, кураш ҳали тугамади. Мавсум охиригача давом этади. Про лигада ўткинчи учрашувларни ўзи йўқ. Ҳар бир очко учун жамоалар қанчалик жон-жаҳди билан курашаётганини кўряпсизлар. Мавсум охиригача кураш давом этади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!