
Анвар Бердиев: "Сизларга ҳамма нарсани ошкор қилишим нотўғри бўлади"
Суперлиганинг 5-турида “Шўртан” Наманганда “Навбаҳор”га қарши майдонга тушди ва 2:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида меҳмон жамоа устози Анвар Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Нима дейишим мумкин? “Навбаҳор” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Бундай мухлислар олдида ўйнаш ҳар бир футболчи учун шараф бўлиши керак. Футболчиларим биринчи бўлим охирроғида стандартдан гол ўтказиб юборишди. Иккинчи таймда вазиятни ўнглаймиз деб олдинга ўтдик, натижада иккинчи голни ҳам ўтказдик. Бундай ўйинларда имкониятлардан фойдалана олмаслик - очкони қўлга киритиш жуда қийин. Наманганда “Навбаҳор”дек клубга қарши ўйинда имкониятлардан фойдалана олмаса босим кўтарилиб кетаверади.
- Ўйинда “Шўртан” таркибида яққол ҳужумчини кўрганимиз йўқ. Нима учун?
- Эътибор берган бўлсангиз, учта ҳужумчи билан ўйнадик. Қанот ҳужумчилари ҳам ёрдам беришлари керак эди. Лекин ҳужум қилиш учун футболчиларимиз ҳаракат қилишлари керак. Агар ҳужумга ўтмасак демак, ҳимояланиш лозим. Ҳужум чизиғида Далер Шарипов ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда айтарли вазиятларимиз бўлмагани учун ҳужумчимиз ҳам кўринмади. Иккинчи бўлимда бизда ҳам дарвозани ишғол қилишга имкониятлар бўлди, аммо фойдалана олмадик. Аммо бу учрашувда уч нафар ҳужумчи билан ҳаракат қилганмиз.
- Жамоангиз таркибидаги кўплаб ўйинчилар биринчи марта бундай мухлислар билан тўлган стадионда ўйнашди. Адашмасам, сиз ҳам бош мураббий сифатида илк бор бу каби катта қайноқ муҳитда бўлдингиз. Ҳиссиётлар қанақа?
- Олдин Наманганга футболчи сифатида келганмиз. Энди мураббий сифатида келдим. Хиссиётлар ўша-ўша. Наманганда футбол ўйнаш ҳар доим ёқимли бўлган. Чунки мухлислар билан тўла стадионда тўп суриш ҳар бир ўйинчига шараф бўлиши ва ўзини кўрсатишга ҳаракат қилиши керак. Майдоннинг ҳар бир қарич ерида тўп учун талашиши лозим. Гапингиз тўғри, футболчиларим бундай аурада биринчи марта ўйнашди. Қачондир бир нарсани бошлаши керак-ку! Футболчиларимизга уқтиряпмиз, аммо охирги нуқта қўядиган жойида оқсаяпмиз. Машғулотларда ишлаяпмиз. Бу сафар ҳам гувоҳи бўлдинглар, вазиятларга эга бўлдик, бироқ голга айлантира олмадик. Меҳмонда “Навбаҳор"дек клубга қарши тўп суриш ҳар бир жамоага қийин бўлади. Хатолар устида ишлашда давом этамиз. “Навбаҳор”га кейинги учрашувларда омад тилаймиз.
- Сиз ўйнаган пайтларда кучли ҳужумчилар кўп эди. Ҳатто, 25-28 та гол билан ҳам тўпурар бўла олишмаган. Ҳозир яхши ҳужумчилар чиқмаётганига нима сабаб деб ўйлайсиз?
- Эътибор кўпинча жамоавий футболга қаратиляпти, деб ўйлайман. Яққол ҳужумда ўйнайдиган ўйинчиларга эркинлик бериш камайиб кетди. Лекин Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар кўп. Уларни тарбияласак бизда ҳам Холмуродов, Исоқов, Ҳамидуллаев, Мирхолдиршаевга ўхшаган ҳужумчилар чиқади. Ишлаш керак. Футболчига ҳужумда эркинлик бериш лозим. Ҳамма вақт қайтараман, ўзимга ҳам доим шу саволни беришади. Менга ҳам ачинарли, негаки, охирги йилларда фақат легионер ҳужумчилар тўпурарликка баҳслашишяпти. Яқин келажакда яна ўзбек ҳужумчилари етишиб чиқишса, тўпурарлик учун курашишади, деб ўйлайман.
- Собиқ ҳужумчи сифатида жамоангиздаги ҳужумчилар билан алоҳида ишлаяпсизми?
- Албатта. Иккита ҳужумчимиздан бири 2004 йилда туғилган Далер Шарипов. Иккинчисини Қирғизистон чемпионатидан чақириб олдик. Имкон даражасида жамоамизни шакллантирдик. Футболчиларим ҳаракат қилишяпти. Машғулотларда ишлаяпмиз, ўхшаяпти. Ўйинларда ҳам ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, ишлашда давом этсак, бу камчиликларни йўқота оламиз.
- Ўтган йили жамоангизда ўйнаган ҳужумчи Мухриддин Зоиров бор эди. У нега кетди?
- Молиявий шартлар томонлама келиша олмадик. Биздан кўра, бошқа клуб кўпроқ таклиф қилгани учун жамоадан кетди.
- Қашқадарёда учта жамоа бор. “Шўртан”да молиявий имконият қандай? Клуб бюджети қанақа?
- Сизларга ҳамма нарсани ошкор қилишим нотўғри бўлади. Бизга ҳомийимиз – “Ҳудудгаз” шунчалик ёрдам кўрсатаётгани учун уларга миннатдорчилик билдираман. Бор имкониятимиздан келиб чиқиб ҳаракат қилишда давом этамиз.
Фикрлар