Анвар Ғофуров: Бундай голни сюрприз дейиш керак

Coca-Cola Суперлиганинг 4-турини бошлаб берган “Бунёдкор” ҳамда “Қўқон-1912” ўртасидаги ўйин тақдирини биргина гол ҳал қилди. Беллашув охирларидаги автогол туфайли майдон эгалари қимматли уч очкони қўлга киритишди.

Мезбонлар эса жамоа сардори ва фахрийси Анвар Ғофуров бошчилигида ҳимоя чизиғини ишончли “ушлаб” туришди, натижада ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишди. Ўйиндан кейин эса Ғофуров Sports.uz учун ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Уч ойсиз футболдан кейинги ўйин қандай ўтди?

- Ҳаттоки, чемпионат тугаганидан сўнг бериладиган таътил пайтида ҳам бунчалик кўп дам олмасдик. Ростини айтсам, тайёргарликка ҳам етарлича вақт берилмади. Лекин мавжуд вазиятдан чиқиш учун шундай йўл тутилди деб ўйлайман ва буни тўғри тушуниш керак. Бундай пайтда ҳамма клублар бир хил ҳолатда эди. Энди ҳар бир учрашувда жамоаларнинг ўйини кучайиб боради. Аммо бугунги беллашув бизга ҳам ва “Қўқон-1912”га ҳам осон бўлмади.

- Бўш трибуналар остида ўйнаш қандай экан? Масалан, мухлислар билан мухлисларсиз футболнинг фарқи сизга қандай туюлди?

- Албатта, ўйин бошида бунга яққол аҳамият берасиз. Шунингдек, гол бўлганида ёки хавфли вазият содир этилганида ишқибозларнинг ҳайқириқлари етишмади. Албатта, томошабинларсиз ўйнаш ғалати. Лекин, барибир биз ўйинга доимгидек тайёргарлик кўрдик. Ҳар бир ғалабага уч очкодан берилади. Табиийки, стадионда мухлислар бўлганида муҳит янада яхшироқ бўларди деб ўйлайман. Натижада ўйин янада жозибалироқ кечарди. Ахир ҳамма футболчилар мухлислар учун ўйнашади. Мисол учун Европадаги чемпионатларда ўйинга 50-60 мингдан зиёд ишқибозлар келганини кўриб ҳавас қиламиз. Қанча кўп мухлис қаршисида ўйнасак, бу ҳаммамиз учун ҳам яхши. Биз машғулотларда тайёргарлик кўрамиз ва ўйин пайтида ишқибозлар учун ўйнаймиз. Шундай экан, стадионда томошабинларнинг йўқлиги билинади.

- Ўйиннинг охирларидаги автогол туфайли “Бунёдкор” ғалаба қозонди. Акс ҳолда баҳс дурангга қараб кетаётгандек эди...

- Биз ғалабага кўпроқ лойиқ эдик деб ўйлайман. Ўйин борасида ҳам яхшироқ кўриндик ва вазиятлар яратишда ҳам фаол бўлдик. Албатта, тан олиш керак, рақибда ҳам имкониятлар юзага келди. Лекин жамоамизда қулай вазиятлар кўпроқ эди. Бу учрашувда жамоамизга аниқ омад кулиб боқди деб ўйлайман.

- Рақиб футболчисининг йўқ жойдан ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйгани сизлар учун сюрприз бўлдими?

- Бундай голни сюрприз дейиш керак деб ўйлайман. Барибир учрашув охиригача ҳам ҳужум қилишни тўхтатмаган бўлардик. Чунки бизнинг мақсадимиз ғалаба қозониш эди. “Қўқон-1912” ҳам яхши жамоа ва таркибида савияли футболчилар йиғилган. Шунга қарамай, биз уч очкони қўлга киритишимиз керак эди ва мақсадимизга эришдик.

- Шунингдек, учрашув давомида “Бунёдкор” футболчиларининг жисмоний ҳолати яхшилиги ҳам билиниб турди...

- Жамоамизда ёши катта ўйинчилар жуда кам. Ёшлар эса тезроқ спорт формасига кириб олишади. Шу боис яхшироқ таассурот қолдиришган бўлишса керак, аммо осон бўлгани йўқ.

- “Бунёдкор” фахрийси сифатида бу борада ўзингизнинг ҳолатингиз қандай?

- Анча яхши. Охирги етти кун менга жуда таъсирли бўлди ва жисмоний томондан ўзимга келиб олдим деб ўйлайман. Ўйиндан-ўйинга янада кучайиб борамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!