Анхель Лопес: "Навбаҳор" шундай давом этса, албатта чемпион бўлиши мумкин"

Coca Cola Суперлигаcининг 15-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сурхон” (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар  бош мураббийи Анхель Лопес қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди. Испаниялик мутахассис  ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

- Бугун стадионда жуда ёқимли атмосфера бўлди. Наманганга биринчи бор келишим эди, ажойиб муҳит ва фаол мухлислик учун мухлислардан миннатдорман.

Баҳс борасида тўхталадиган бўлсам, ўйинга танлаган услубимиздан келиб чиқиб ҳужум қилишда давом этдик. Ҳисоб 0:0, 1:0, ҳатто 2:0 вақтида ҳам ҳужумкорликни тўхтатмадик. Мезбонлар сафида кучли ижрочилар бор эди, улар маҳорат эвазига дарвозамизни ишғол этишди. Аммо, бугун жамоам кўрсатган ўйиндан мамнунман. Бугун йигитлар охиригача курашишди ва бу борада ўз характерларини кўрсата олишди. Зўр ўйин бўлди, бироқ энг ачинарлиси, биз ҳеч қандай очко қўлга кирита олмадик.

- Жамоа кўрсатган ўйинни кузатиб бордик, ёмон эмас. Бироқ вазиятларни якунлашда тўпурар ҳужумчи етишмаётгандек. Буни қандай изохлайсиз?

- Мен бундай демаган бўлардим. Чунки бугун биз 4-4-2 тактик схема асосида ҳаракатландик. Юқорида айтдим, бугун “Навбаҳор” сафида кучли футболчилар ҳаракат қилишди. Шу боис, ҳужумлар ташкил этишда қийинчиликларга дуч келдик. Шу боис ҳам ўйин фонида бизга ҳужумчи етишмаётгандек кўринган бўлиши мумкин.

- Шунингдек, бугун жамоангизда етакчи футболчи йўқлиги кўзга ташланди...

- Йўқ, бу фикрингизга қўшилмайман. Кузатган бўлсангиз, бугун Бобур Акбаров жуда яхши ҳаракат қилди, кўплаб яккакурашларда ғолиб чиқди. Бизда етакчи футболчилар борасида муаммо йўқ.

- Европалик мутахассис сифатида “Навбаҳор”нинг чемпионлик учун имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- “Навбаҳор” жуда кучли жамоа. Таркибида бир қатор маҳоратли футболчилар жам бўлган. Кўрган бўлсангиз, бизда гол уриш учун имкониятлар бўлди, аммо фойдалана олмадик. Лекин мезбонлар кичик имкониятларни ҳам голга айлантира олишди. Айниқса, 10-рақамли футболчи (Жамшид Искандеров) менда жуда яхши таассурот қолдирди. Шундай давом этса, албатта чемпион бўлиши ҳам мумкин.

- Сурхондарёдан кўплаб номдор футболчилар етишиб чиққан, масалан, Элдор Шомуродов. Сиз жамоада ҳозирги кунда ёшларга қандай эътибор қаратяпсиз ва қайси номларни келтира оласиз?

- Сурхондарё футболида бир қатор маҳоратли ёшлар бор. Яқинда Термизга бориб, футбол мактаби билан яқиндан танишдим. Ёш футболчилар орасида иқтидорли футболчилар кўп. Шунингдек, “Сурхон”нинг ўзида ҳам бир қатор келажаги порлоқ ёш футболчилар етишиб чиқяпти. Жумладан Даврон Мерганов, Беҳруз Шайдулов ва Нуриддин Ҳасановларни алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардим.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!