АПЛ клублари ҳам хато қилади
Ортда қолган 2020 йилда кўплаб грандлар янги футболчилар учун миллионларни сарф этишди. Тан олиш лозим, ушбу пулларнинг барчаси ҳам ўзини оқлагани йўқ. Бугун ана шундай трансферлар ҳақида сўз боради.
Кай Хаверц
«Байер»дан «Челси»га 80 миллион евро
Ёзда Лондон клуби немис футболчиси учун 80 миллион евро сарфлади. Бу бутун бошли трансфер ойнасидаги энг катта келишув сифатида тарихда қолди. «Челси» ўтган мавсумни трансфер тақиқида ўтказгани учун ҳам ёзда пулни аяб ўтирмади.
Кай «аристократлар»нинг янги мотори, ўйин механизмининг юраги бўлиши тахмин қилинган эди. Афсуски, бу тахминларнинг бирортаси ўзини оқлагани йўқ. Лэмпард ёш футболчидан фойдаланиш мақсадида уни 4-3-3 ва 4-2-3-1 схемасида синаб кўрди. Хаверц қанотда ҳам, ҳужумчи ортида ҳам кутилган натижани бергани йўқ. 14 та ўйин, битта гол. 80 миллион евролик футболчи учун ярашмайдиган статистика!
Шундай бўлса-да, уни тўлиқ омадсизликка учраган трансфер, деб бўлмайди. Гап шундаки, футболчида секин-аста ўйинни бошқариш шаклланмоқда. Шу боис, сўнгги учрашувларда "WhoScored" унга юқори балл бермоқда. Фақат у бугунги рўйхатдагилардан фарқли ўлароқ, омадсиз мавсумдан қутилиб қолиш имкониятига эга.
Виллиан
«Челси»дан «Арсенал»га эркин агент мақомида
Кайдан фарқли ўлароқ, "Арсенал" Виллианнинг трансферидан катта сумма йўқотгани йўқ. У ўзига билдирилган ишончни оқлай олмагани учун ушбу рўйхатдан ўрин эгаллади. Тўғри, «канонирлар» футболчи учун бир цент ҳам сарфламади, аммо унга ишонч билдирилгани бор гап.
Афсуски, бразилиялик футболчи Артета истаган ижрочи бўлиб чиқмади. Микелнинг ўйин услубида қанотдан марказга ёриб кирувчи плеймейкерга эҳтиёж бор эди. Айнан шу муҳим позицияни тўлдириш мақсадида келган Виллиан кераксиз футболчига айланиб қолди. У бугунги кунда АПЛнининг энг ёмон статистикасига эга ҳужум бошловчи футболчиси бўлиб турибди.
Родриго
«Валенсия»дан «Лидс»га 30 миллион евро
«Лидс» узоқ танаффусдан сўнг, АПЛга қайтгач, ўз трансфер рекордини янгилашга қарор қилди. Жамоага «Валенсия»дан Родриго таклиф этилди. Испания терма жамоаси аъзосига Марсело Бьелса янги позиция топиб берди. Эндликда, Родриго «10-рақам» сифатида тўп сурмоқда.
Уни Бэмфордга рақобатчи сифатида харид қилишган эди. Аргентиналик мураббий футболчини ҳужумдаги сўнгги узатмани ижро этувчи футболчига айлантирмоқчи бўлди, бироқ бу режа омадсизликка учради. Испаниялик бирорта голли узатмани амалга оширгани йўқ. Тўпурарлик борасида ҳам айтарли ҳеч қандай янгилик йўқ. 14 та ўйинда атиги 3 та гол. Қаҳрамонимиз баъзи учрашувларда ўйинга тушмаяпти ҳам. Баъзида эса, йўқ жойдан рақибларга пенальти ишлаб бермоқда. Умуман олганда, 30 миллион евролик футболчи «Лидс»да ўзини кўрсата олгани йўқ. Агар шу темпда давом этса, тез орада 20 миллион евро эвазига Испаниянинг бошқа клубига сотиб юборилиши аниқ.
Натан Аке
«Борнмут»дан «Манчестер Сити»га 45 миллион евро
«Манчестер Сити» клуби марказий ҳимоячилар сотиб олишдан ҳали-бери тўхтамаса керак. Голландиялик футболчи клубдаги энг қиммат 4 та марказий ҳимоячидан бири саналади. Стоунз, Ляпорт ва Диашдан сўнг, у ҳам Пеп Гвардиола жамоаси сафига қўшилди.
Аслида, бу трансферни омадсиз, деб бўлмайди, бироқ «Сити» 45 миллионни нега сарфлагани жумбоқ бўлиб қолмоқда. Катта эҳтимол билан, Пеп чап оёқда тўп суришга қодир марказий ҳимоячига эҳтиёж сезди. Аймерик Ляпортнинг йўқлигини эса, Натан билан тўлдирмоқчи бўлди. У шунчаки, ротация учун сотиб олинган футболчига айланиб бормоқда. Таркибда Эрик Гарсия ҳам тобора ўзини яхши ҳис этмоқда. Бундай вазиятда, «шаҳарликлар» Акени нега харид қилганини тушуниш қийин.
45 миллион еврога ротация учун футболчи олиш кулгили. Боз устига, Аке энди истаса ҳам ўйин амалиётга эга бўлмайди. Ундан Гвардиоланинг кўнгли тўлгани йўқ. Шу боис, чап қанот ҳимоясида ҳам синаб кўришни бошлади. Натан бундан деярли ҳеч нарса ютқазгани йўқ, бироқ клуб ғазнаси анчагина зарар кўргани аниқ.
Донни ван де Бек
«Аякс»дан «Манчестер Юнайтед»га 39 миллион евро
Сўнгги пайтларда «Манчестер Юнайтед» тўлиқлигича Бруну Фернандешга суяниб қолди. Унинг майдон марказида ишончли ўйинлари сабаб, «қизил иблислар» АПЛ баҳсларида анча ишончли ўйин намойиш этмоқда. Унинг ўйини очилгани сари, замонавий футболдаги энг ақли футболчи – Донни ван де Бек захирага янада чуқурроқ михланмоқда. Негадир, Сульшер голландиялик футболчига ўзини кўрсатиш учун имкон бермаяпти.
Ҳозирда, Донни АПЛ учрашувларида ўртача 26 дақиқа тўп сурмоқда, холос. Статистика ҳам шунга яраша: битта гол. Ҳали голли узатмани амалга оширмаган ярим ҳимоячи ҳозир клуб учун кераксизга айланиб бўлди.
Инглиз нашрларининг маълум қилишича, Сульшер ван де Бек учун майдон марказидан жой топа олмаяпти. Шу боис, нидерландиялик вундеркинднинг ушбу клуб сафида аввалги даражасига чиқишга ишониш мушкул.
Фикрлар