АҚШ мундиалда гол уриш бўйича рекорд ўрнатди
2026 йилги жаҳон чемпионатининг 1/16 финали доирасида АҚШ ҳамда Босния ва Герцеговина терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Беллашув АҚШнинг Калифорния штати, Санта-Клара шаҳридаги «Левайс» стадионида бўлиб ўтди.
Учрашувнинг 45-дақиқасида АҚШ ҳужумчиси Фоларин Балогун ҳисобни очди. Шу тариқа, АҚШ терма жамоаси жаҳон чемпионатида кетма-кет тўртинчи ўйинда биринчи бўлимда гол урди ва бу жамоа тарихидаги янги рекордга айланди.
Эътиборлиси, иккинчи бўлим ўрталарида Балогун қўпол қоидабузарлик учун майдондан четлатилди. 82-дақиқада эса ярим ҳимоячи Малик Тиллман жарима зарбасидан гол уриб, ўйинга нуқта қўйди.
Ушбу ғалаба орқали АҚШ терма жамоаси 1/8 финалга йўл олди. Кейинги босқичда америкаликлар Бельгия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув 7 июль куни, Тошкент вақти билан соат 05:00да бошланади.

Фикрлар