"Арал" бош мураббийи: "Навбаҳор" чемпионлик учун кураша оладиган футболчилар таркибга эга"
Ўзбекистон Сoca Cola кубоги 1/8 финалидан ўрин олган “Арал” – “Навбаҳор” (0:2) жамоалари учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Неъматилла Қутибоев қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
"Бугун Суперлига етакчиларидан бирига қарши баҳс ўтказдик. Биринчи бўлимда тенг ўйин бўлди, иккинчи бўлимда эса “Навбаҳор” ўз даражасини кўрсатди. Иккинчи 45 дақиқаликда наманганликлар маҳорат бобида ва жисмоний жиҳатдан кучли эканликларини намойиш этишди.
- “Арал” бугун яхши ўйин кўрсатди, лекин захирадагилардан кам фойдаландингиз...
- Фойдаланишга ҳаракат қилдик, бироқ мажбурий ўзгаришлар юз берганидан сўнг, режаларимиз ўзгарди. Ҳимоячиларда жароҳат бўлгани бизга муаммо туғдирди.
- “Арал”нинг жорий мавсумдаги мақсади қандай?
- Жамоамизнинг асосий мақсади - майдонда чиройли ўйин кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилиш. Натижа эса ўз-ўзидан келаверади.
- Мухлислар бугун ҳар доимгиданда фаол бўлишди. Уларга тилакларингиз...
- Ишқибозларимизга раҳмат айтаман. Мухлислар жамоамизни бугунги ўйинда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришди. Ишқибозлар доимо бизга далда бериб туришади. Бугунги мағлубият учун мухлислардан кечирим сўрайман.
- Бугунги рақибингиз “Навбаҳор” ҳақида қандай фикрдасиз?
- “Навбаҳор”да чемпионлик учун кураша оладиган футболчилар йиғилган ва жамоа зўр таркибга эга", - деди Қутибоев.
Фикрлар