Аргентина МТЖ мураббийи: Эртанги ўйинда бундан ҳам кучлироқ ҳаракат қиламиз
Футзал бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина МТЖ билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. "Ўзбекистон" спорт мажмуасида бўлиб ўтган баҳс Лотин Америкаси вакилларининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувдан кейин Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Матиас Люкуикс ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
"Кутганимиздек, жуда қийин ўйин бўлди. Ўзбекистон терма жамоасининг кучига аввалдан муносиб баҳо берган эдик. Тенг ўйин гувоҳи бўлдик. Фақатгина биринчи таймда яратган имкониятимиздан унумли фойдалана олганимиз туфайли, ғалабани қўлга киритдик. Ўйлайманки, эртанги беллашувда ҳам худди шундай юқори темп гувоҳи бўламиз.
Осиёлик йигитларга қарши майдонга чиқиш ўзига хос қийинчилик туғдирди. Буни ўйинда ҳам кўришингиз мумкин эди. Қисқа ҳисоб ҳам бунга исбот бўла олади. Шунга қарамай, бу баҳс бизга кейинги учрашувларга яхшироқ тайёраланиш имкониятини беради. Эртанги ўйинда бундан ҳам кучлироқ ҳаракат қиламиз".
Фикрлар