"АрМИ-2022". “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақасида жамоамиз фахрли 2-ўринни эгаллади
Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақаси 23 август куни ўз якунига етди. Дунёнинг жами 15 та давлати жамоалари ўзаро беллашган баҳсларда ўзбекистонлик ҳарбий тиббиётчилар фахрли 2-ўринни қўлга киритди.
Мазкур йўналишдаги беллашувларни мунтазам ёритиб борар эканмиз, эркаклар ва аёллардан иборат жамоамиз рақибларига қараганда анча кучли, маҳоратли ва сабр-бардошли эканига нафақат биз, балки иштирокчи давлатлардан келганлар ҳам гувоҳ бўлишди. Чунки ҳар бир шартда вакилларимизнинг ҳаракатлари алоҳида ажралиб, улар бажараётган элементлар барчанинг диққат марказида турар эди.
Мусобақа низомига кўра, эркаклар ва аёллардан иборат ҳар бир жамоа таркибидан ўрин олган шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчилар жами 4 шарт: отиш тайёргарлиги, ягона тўсиқлардан ўтиш, махсус тайёргарлик (жанг майдонидан шартли ярадорли олиб чиқиб, унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш) ҳамда жамоавий биринчилик бўйича куч синашди.
Шунингдек, мусобақа доирасида ҳайдовчилар ўртасида махсус тўсиқлардан ўтиш баҳсларида вакилимиз кичик сержант Достон Маҳмудов маҳорат кўрсатиб, “Энг илғор ҳайдовчи” номинациясида ғолибликни қўлга киритиб, олтин медалга эга чиқди.
Кеча аёллар ўртасида жамоавий биринчилик шарти бўйича ўтказилган баҳсларда жамоамиз 12 дақиқаю 38 сония кўрсаткич билан фахрли иккинчи ўринни қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун эса мусобақанинг мана шу сўнгги ҳал қилувчи шартининг эркаклар ўртасидаги беллашувлари бўлиб ўтди. Унда йигитларимиз 9 дақиқаю 8 сония вақт билан маррага етиб келди ва шарт якунига кўра, 2-ўринни эгаллашди. Энг қизиғи, кечаги аёллар баҳсида қизларимиз кўрсатган натижани мезбон давлат вакилларидан ташқари бошқа иштирокчи давлатларнинг на эркаклар, на аёллар жамоалари такрорлай олмади.
Шундай қилиб, бугунги йигитлар баҳсидан сўнг мусобақанинг якуний натижалари эълон қилинди. Унга кўра, учинчи ўринга Ветнам ва Беларус жамоалари лойиқ кўрилган бўлса, иккинчи ўринни Ўзбекистон жамоаси ва биринчи ўринни мезбон давлат вакиллари қўлга киритди.
– Неча минг йиллардан бери ўзгармас қоида бор: мард майдонда синалади! Биз ҳар қандай жамоа билан ҳам ўз кучимизга, маҳоратимизга таянган ҳолда беллаша оламиз. Чунки биз ўзбекмиз. Буни бугун яна бир бор исботладик! – дейди жамоа мураббийларидан бири тиббий хизмат подполковниги Ўктам Мингбоев.
Ғолиб жамоаларни тақдирлаш ва мусобақанинг тантанали ёпилиш маросими эртага ўтказилади.
P.S. Расмий хабардан кейин мусобақа жараёнлари ҳақида икки оғиз гап айтмасак бўлмайди. Бу гапларни жамоамиз шоҳсупага кўтарилганидан кейин тилимизга чиқаришни ният қилган эдик.
Муболағадан ҳоли гап: вакилларимиз беллашувлар давомида қолган иштирокчи давлатларга ҳарбий тиббиёт ҳақида чинакам мастер-класс ўтиб беришди. Боиси бизнинг жамоа беллашув шартларига киришар экан, атрофни кузатувчилар гурр ўраб олар, йигитларимиз-қизларимиз бажараётган амалларга маҳлиё бўлиб қоларди. Жамоамиз аъзоларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг исмларини баланд овоз билан турли тилларда айтаётганини эшитиш эса жуда ёқимли. Улар бизнинг жамоага мана шундай чин мухлис бўлишди. Вакилимиз III даражали сержант Валижон Бегалиевни “Шер” (Лион) деб атаса, жамоамизга “Аждарҳо” (Дракон) деб ном қўйиб олишган. Ўзбекистон жамоаси нафақат фахрли ўринни қўлга киритди, балки бошқа жамоаларнинг мана шундай меҳрига ҳам сазовор бўлди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фикрлар