
"Арсенал" АПЛнинг ўзидан ҳужумчи топди
Лондоннинг "Арсенал" клуби "Астон Вилла" ҳужумчи Олли Уоткинсни сотиб олиш ҳақида ўйламоқда.
Хабарингиз бор, Артета бошчилигидаги "тўпчилар" бир неча мавсумдан буён форвард сотиб олишни мақсад қилиб қўйган. Габриэл Жесус оғир жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққандан сўнг клуб раҳбарлари қишки трансферлар ойнасида бир нечта вариантларни кўриб чиқмоқда. Сўнгги кунларда "канонирлар" "Спортинг" футболчиси Виктор Дьёкерешга ҳам жуда катта қизиқиш билдирган эди.
"Mail" нашрининг маълумотига кўра, клуб мутасаддилари бир неча кундан буён "Астон Вилла" ҳужумчиси Уоткинс атрофидаги вазиятни ўрганмоқда. Унаи Эмери эса Чемпионлар лигасининг навбатдаги баҳсидан сўнг англиялик форвардни жамоада олиб қолмоқчи эканлигини билдирган. Шундай бўлса ҳам, лондонликлар фурсат туғилиши биланоқ футболчи учун 72 миллион евро шартнома таклиф қилишни режалаштирмоқда.
Маълумот ўрнида, 29 ёшли ўйинчи жорий мавсум 32 та беллашувда иштирок этиб, 11 та гол ва 9 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг клуб билан шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган бўлиб, Тransfermarkt порталидаги нархи 55 миллион евро деб баҳоланмоқда.
Фикрлар