"Арсенал" барибир Винисиусни шартномага кўндирди
Лондоннинг «Арсенал» клуби Мадриднинг «Реал» жамоаси ҳужумчиси Винисиус Жуниор билан шахсий шартнома борасида принципиал келишувга эришди.
Бу ҳақда «канонирлар» янгиликларига ихтисослашган HandofArsenal саҳифаси ижтимоий тармоқ X орқали хабар берди.
Манбага кўра, бразилиялик футболчининг агентлиги эндиликда «Реал» раҳбарияти билан музокараларга киришади. Улар қўл остида «Арсенал» томонидан таклиф этилган жуда катта молиявий шартнома борлиги айтилмоқда.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Лондон клуби 26 ёшли вингер трансфери учун £105 миллион (тақрибан €123 миллион) таклиф қилишга тайёр экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шу билан бирга, «Реал» футболчини сотиш эҳтимоли юзага келса, ундан камида £137 миллион (тахминан €160 миллион) ишлаб олишни кўзлаётгани маълум қилинган.
Винисиус 2018 йил ёзидан буён «Реал» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шу вақт ичида у барча мусобақаларда жами 375 ўйинда майдонга тушиб, 128 та гол урди ва 100 та голли пас берди. Ҳозирги амалдаги шартномаси 2027 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати €140 миллионга баҳоланган.

Фикрлар