“Арсенал” беш нафар футболчини сотувга қўяди
Англия Премьер-лигасида пешқадамлик қилаётган “Арсенал” ёзги трансферлар ойнаси даврида таркибини тартибга солишни режалаштирмоқда.
“Канонирлар” раҳбарияти бош мураббий Микель Артета бошчилигидаги мураббийлар штаби билан келишган ҳолда камида беш нафар футболчи билан хайрлашади.
Ўтган ёзда лондонликлар таркибни кучайтириш учун тахминан 250 миллион фунт сарфлаган эди. Энди эса, Премьер-лига ва УЕФА молиявий фэйр-плей қоидаларига риоя қилиш учун клуб бир қатор футболчиларни сотишга мажбур бўлмоқда.
BBC маълумотига кўра, “Арсенал” ҳимоячи Майлс Льюис-Скелли ва қанот ҳужумчиси Итан Нванерини сотишга тайёр.
“Канонирлар” ушбу икки тарбияланувчиси учун камида 100 миллион фунт ишлаб олишни режалаштирган.
Шунингдек, клуб ҳимоячи Бен Уайт ва ҳужумчилар Габриэл Мартинелли ҳамда Габриэл Жезусни ҳам трансферга қўяди.
Бироқ бош мураббий Микель Артета шартномасининг сўнгги йилларига яқинлашаётган Мартин Эдегорнинг ўйинида пасайиш кузатилаётган бўлса-да, уни таркибда сақлаб қолишни исташини билдирди.

Фикрлар