«Арсенал» нега бу қадар омадсиз старт олди? Бунинг ечими нимада?

«Арсенал» мавсумни жуда ёмон бошлади. Омадсиз учрашувлар, аламли мағлубиятлар сони кескин кўпайиб кетди. Кўпчилик Микель Артетадан катта ғалабаларни кутган эди. Якунда эса, яна бир омадсиз мавсумга гувоҳ бўлмоқдамиз. Хўш, муаммо нимада? Муаммо негизида нима ётибди? Бугун шу саволларга жавоб излашга уриниб кўрамиз.

13 карра Англия чемпиони «Арсенал» сўнгги бор АПЛ тахтига 2004 йилда кўтарилган эди. Ўшанда, Венгернинг енгилмас йигитлари 38 та ўйиннинг ҳеч бирида мағлуб бўлмагани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилиб кетмагани аниқ. Бугунги «Арсенал» эса, ўша даврдаги «конинирлар»нинг соясида қолиб кетмоқда.

Ҳозир «Арсенал»нинг турнир жадвалидаги аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Бу худди ёмон тушга ўхшаб бормоқда. 14 та турда «тўпчилар» атиги 14 очко ишлади холос. Шу боис, ҳақли равишда 15 поғонада боришмоқда. Боз устига, клуб сўнгги 39 йилдаги энг ёмон стартини амалга оширди. Тўғриси, кейинги пайтларда бу клубни бундай ночор аҳволда кўрмаган эдик.

Деярли барча инглиз нашрлари жамоанинг таназзулга юз тутишига Венгернинг кетишини асосий сабаб қилиб кўрсатмоқда. Бу худди сэр Алекс «Манчестер Юнайтед»ни тарк этиши билан баробар. «Арсенал» ҳам деярли «қизил иблислар» ортида кетмоқда. Венгер сэр Алекс сингари ўз жамоасида энг муҳим фигура эди. Уларнинг бирданига йўқ бўлиб қолиши икки клуб натижаларида бирдек акс этди.
Энди ўхшашликка эътибор беринг! «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» клублари янги сардор излашга мажбур. Ваҳоланки, дарғалар борасида 25 йил давомида ҳеч қандай муаммо бўлмаган. «Манчестер Юнайтед» 80 миллион еврога харид қилинган Харри Магуайрни (қиммат футболчи бўлгани учун) танлаган бўлса, «Арсенал» ишонган Жака варианти тўлиқ омадсизликка учради.

Ars5

Дарҳақиқат, АПЛ клублари ички мусобақада ғолиб чиқиши учун лидер мураббий ва чинакам сардорга муҳтож. Энди сўнгги йилларда катта ютуқларга эришаётган инглиз клубларига эътибор беринг! «Ливерпуль»да Юрген Клопп энг машҳур шахс. Жордан Хендерсон эса, унинг майдондаги аскари! «Сити»да эса, ҳеч ким Гвардиолачалик муҳим эмас! Кевин Де Брюйне унинг ўйиндаги ўнг қўли! Ҳатто «Тоттенхем»да Жозе ўз ўрнини кўрсатиб қўйди. Кейн ва Сон у учун жанг қилмоқда. «Эвертон»га Анчелотти келгач, клуб дарров Хамесни харид қилди. Энди бу боғлам эффекти майдонда натижа кўрсатмоқда. «Челси» Фрэнк Лэмпардга ёрдам бериш учун Тьяго Силвани таркибга қўшиб олди. У жамоанинг ички муҳитига жавоб бериши ва янги етакчи бўлиши кўзда тутилган эди.

ars6

Энди эътиборни яна «Арсенал»га қаратамиз. Юқорида номи зикр қилинган мураббий ва футболчилар оғир учрашувларда масъулиятни бўйнига олиши ва натижа учун жавоб бериши лозим ва буни уддалашмоқда. Уларнинг барчаси футбол тили билан айтганда «авторитет» сифатида майдондагиларга қўшимча мотивация беради. Боз устига, «катта ўйинлар»да пишган футболчилар мураббий ва футболчилар ўртасидаги кўприк вазифасини ўтаб беради. Мураббий ва етакчи футболчининг аҳил бўлиши эса, бутун ички муҳитни бир меъёрда ушлаб туради, жамоани бир мақсад сари етаклайди.

Афсуски, бундай боғлам бугунги «Арсенал»да умуман йўқ. Ҳозиргача Венгернинг вориси топилмагани бунга асосий сабаб. Франциялик мутахассис ўз даврида Тони Адамс, Сол Кэмпбел, Анри, Виейра ва ҳеч бўлмаганда Фабрегас билан жамоани жамлаб келганди. Айниқса, Венгер ва Анри ўртасидаги боғлиқлик «Арсенал» учун ажойиб даврлардан эсдалик бўлиб қолди. Анри майдонда чинакам етакчи ва мураббийнинг энг ишонган футболчиси эди.

ars3

Хўш, «Арсенал» яна шундай тандемни шакллантира олдими? Афсуски, йўқ. Футболчиларнинг деярли 70 фоизи ўртача классдаги ижрочилар. Мураббийнинг “сўзи” кесгир эмас, тажрибаси ҳам шунга яраша.
Ачинарлиси шундаки, «Арсенал» кутилаётган муаммоларни олдиндан кўра олмади. Бошқарув Пеп Гвардиоланинг ёрдамчиси бўлгани учунгина Микель Артетага топширилди ва ундан устозининг маҳорати, натижаларини кута бошлашди.

ars

Испаниялик мураббий кўп гол урадиган Пьер Эмерик Обамеянгдан етакчи ясамоқчи бўлди. Бироқ, у жамоа учун эмас, ўзининг имижини кўтаришга ҳаракат қиладиган ўйинчи бўлиб чиқди. Ўзил тер тўкмай маош олишга кўникиб қолган бўлса, Виллиан кутилган ишончнинг яримини ҳам намойиш эта олмади. Жамоани ўз ортидан эргаштирадиган ўйинчи йўқ ҳисоби. Шу боис, бу мавсумда «Арсенал» ўйин давомида ҳафвли вазиятлар яратиш сони бўйича АПЛ охирги – 20-ўринда бормоқда.Микель Артета мустақил иш қилмаган. У доим иккинчи рақамда ишлашга ўрганиб қолган. Катта саҳнада ўзини йўқотиб қўйди. Катта клубларни бошқарадиган мураббийлар эса, кичик саҳналарда ҳам бош ролни ижро этишга қодир бўлиши керак.

Бугун «Арсенал» учун Анри даражасидаги муҳим футболчи борми? Ёки Тони Адамс сингари майдонда жанг қиладиганичи? Венгер каби бутун ҳаётини клуб учун сарфлаган фидойи мураббий қани?
Бундай саволларни қалаштириб ташлаш мумкин, бироқ саволларнинг жавоби аниқ. Лондон клуби таркибига разм солсак, суяги қотмаган ёшлар ва ўз мақсадига эришиш йўлини топа олмаган юлдузли номлар йиғиндисини кўрамиз. Бу билан чўққига чиқиб бўлмайди. Чунки уларнинг ҳаётида ва хаёлида футболдан муҳимроқ нарсалар кўп.

Ars8

Табиийки, Артетага ҳали-бери чиқиш эшиклари кўрсатилмайди. У иккита кубок билан клуб музейини бойитди. Айнан шу омил сабабли у ҳали истеъфога чиқарилмади. Клуб бутун жамоани ортидан эргаштирадиган етакчига муҳтож. Агар шундай трансферлар амалга оширилса, сўнгги нуқтани қўйиш Микель Артетанинг қўлида қолади. У Венгердан қолган бўшлиқни тўлдириши, ўз ғоялари тўғри эканини футболчиларга исботлаб бериши лозим. Агар бу иш амалга оширилса, биз тез орада кучли «Арсенал»ни кўришимиз мумкин. Унга қадар, етакчиларсиз қолиб кетган клуб ўз мухлисларини ранжитишда давом этаверади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!