Баҳром Ҳайдаров: "Бирор вазифани бажариш учун таниқли ёки хорижлик фамилия бўлиши шарт эмас-ку"

  • 5 декабрь, 21:16
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Суперлигада қолиш учун ўтказилган плей-офф учрашувида “Қўқон-1912” ўз майдонида “Хоразм”ни қабул қилди.

Tecno

Асосий вақт 1:1 билан тугади. Пенальтилар сериясида омад мезбонларга кулиб боқди. Жуда қийин учрашувда майдон эгалари пенальтилар сериясида ютди ва расман Суперлигада қолди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар устози Баҳром Ҳайдаров қатнашди.

- Бу битта ўйин. Кубоклардаги, финаллардаги каби эди. Турнир жадвалининг пастки қисмидаги жамоаларнинг финал ўйини эди. Ҳамма нарса айнан шу биргина учрашув орқали ҳал бўларди. Шунинг учун жамоаларда бироз ҳаяжон бўлди. Чунки дуранг бўлмасди, кимдир ютиши, кимдир ютқазиши керак. Асабий ўйин кечди. Бунинг устига бошида гол ўтказиб юборганимиз йигитларни бироз шоширтириб қўйди. Ютқазиб қўймаслик босими бор эди. Охирги паллаларда совуққонлик етишмади. Умуман олганда, тенг ўйин бўлди, финалдек ўтди. Бутун мавсум ҳақида гапирадиган бўлсак, мухлисларни, раҳбариятни олдимизга қўйилган вазифа бажарилгани билан табриклайман. Жуда қийин мавсум бўлди. Бошида яхшироқдек эди, орада 9 ўйинлик мағлубиятли сериямиз бўлди. Шу вазиятдан чиқиб кетганимиз жамоамизни шаклланиб, ўз кучига ишонаётганидан далолат, деб ўйлайман. Кўп учрашувларда бунчалик ҳаяжон йўқ эди. Бош мураббий сифатида мени устимда ҳам босим бор эди, энди енгиллик бўлди. “Қўқон-1912” жамоасини Суперлигада расман қолгани билан ҳаммани табриклайман.

- Захирадан майдонга ёш футболчи туширилди. Пенальтилар сериясида қийин вазиятда мард бўлиб ўзи нуқтага яқинлашди...

- Биласиз, пенальтилар серияси мураббийга ҳам, футболчига ҳам қийин. Чунки кимнидир теп деб мажбурласангиз гол ура олмаслиги мумкин ёки аксинча. Улар ҳам гол уролмади. Шуни хоҳлайманки, футболчи ҳеч қачон қўрқмаслиги керак. Пенальтидан гол ура олмаса футболдаги ҳаёти тугаб қолди, дегани эмас. Пенальти ҳам футболни бир қисми. Агар ўзига масъулиятни олишга қўрқса менга ғалати туюлади. Ёш бўлишига қарамасдан Ҳайдаров ҳам, Пазлиддинов ҳам ўзлари тепишди. Яхшилик билан тугади, демак, ҳаммаси тўғри бўлди.  

- Жамоангиз иккинчи бўлимда асосан узун паслар билан ўйнади. Шунингдек, Гадоевни олдинроқ туширишни имкони йўқмиди?

- Эътибор берган бўлсангиз, Шохруҳ Гадоевни эрта тушириб қўйибман, деб ўйландим. Чунки тайёр эмас. Мавсум ўртаси бўлса ҳам бирор ҳафтача дам олса таъсир қилмайди. Чемпионат тугади ва у жароҳат олди. Кўпчилик Гадоевга тўп тушган пайтда кўради. Тўпсиз ҳаракатланаётганда Шохруҳни кучи етмай қоляпти. Бугун ғалаба қозондик, демак ҳаммаси тўғри бўлди. Гадоевга келсак, бизда янги мавсумгача вақт кўп. Тикланиб, жисмонан ишласа жамоамизга асосий ўйинчиси сифатида яна керак бўлади.

- “Қўқон-1912”га келаси мавсумда юқори вазифалар қўйиляпти. Мураббийлар штаби қоладими ёки ўзгарадими?

- Буни раҳбарият ҳал қилади. Бу саволга жавоб бера олмайман. Биз каби мураббийларни муносиб кўрмасангиз ишламай қўяверамиз. Иккинчи даврада очколар бўйича 5-ўринни олибмиз. Бирор вазифани бажариш учун таниқли фамилия ёки хорижлик фамилия бўлиши шарт эмас-ку. Раҳбарият шунақа деб ўйласа муаммо йўқ. Буни биз ҳал қилмаймиз. Бизга ишониб вазифа қўйишса ишни давом эттиришмоқчи бўлишса, марҳамат. Буни мен ҳал қилмайман. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!