"Арсенал" ва "Ливерпуль" нархи 100 миллион евролик футболчи учун рақобат бошлади

Ҳуқуқлари Лондоннинг "Вест Хэм" клубига тегишли бўлган ҳужумкор ярим ҳимоячи Муҳаммад Қудусга Премьер-лиганинг икки топ клуби қизиқиш билдирмоқда. Daily Mail нашри хабарига кўра, 24 ёшли ганалик футболчининг хизматларига "Арсенал" ва "Ливерпуль" клублари жиддий қизиқиб қолган.

Қайд этиш жоиз, Кудуснинг шартномасидаги товон пули 100 миллион еврони ташкил қилади. Муҳаммад ва "болғачилар" ўртасидаги амалдаги меҳнат шартномаси муддати 2028 йилнинг ёзига қадар имзоланган. "Ливерпуль" ва "Арсенал" раҳбарияти эса келаси ёзда белгиланган товон пулини тўлаб, Кудусни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. Футболчининг ўзи ҳам Чемпионлар лигаси даражасидаги клубга ўтишни хоҳлайди.

Муҳаммад Қудус жорий мавсум Англия Премьер-лигасида жами 8 та ўйин ўтказди ва ўз ҳисобига 2 та гол ёздириб қўйишга эришди. У "Вест Хэм" сафига 2023 йил Амстердамнинг "Аякс" клубидан кўчиб ўтган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!