“Арсенал” яна бир бразилиялик футболчини сотиб олмоқчи
"Арсенал" "Лион" ярим ҳимоячиси Лукас Пакетага қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда “RMC Sport” нашрининг бельгиялик мухбири Саша Тавольери маълум қилди.
Унга кўра, "канонирлар" Пакетани "Лестер" аъзоси Юри Тилемансга альтернатив сифатида кўрмоқда. Шунингдек, клуб футболчини ҳозир сотиб олиши шарт эмас, балки қишгача кутишга ҳам тайёр.
Қолаверса, "Лион"нинг АҚШдаги янги эгаси Жон Текстор (гарчи келишув ҳали расмийлаштирилмаган бўлса ҳам) жамоаси чемпионлик учун ПСЖ билан рақобатлашишга тайёр эканлигини айтган. Бундай вазиятда у етакчилардан бирини қўйиб юборишни истамаса керак.
Аввалроқ, “Лион” “Вест Хэм”га Пакетани сотишдан бош тортгани ҳақида хабар берилганди.
24 ёшли бразилиялик ўтган мавсумда "Лион"нинг барча турнирлари доирасидаги 44 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 11 гол ва 7 голли узатмани ёздириб қўйган. Унинг клуб билан шартномаси 2025 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
Фикрлар